«Трибуна» Чемпионлар лигасининг 1/8 финали доирасидаги охирги икки учрашув анонсини тақдим этади. Бугун Мюнхенда ва Барселонада чорак финалнинг яна икки иштирокчиси аниқланади.
«Бавария» - «Ливерпуль» ҳамда «Барселона» - «Лион» биринчи ўйинларда нурсиз дуранглар қайд этганди, йўлланма тақдири Каталония ҳамда Мюнхендаги ўйинларда ҳал бўлади.
«БАВАРИЯ» - «ЛИВЕРПУЛЬ»

«Ливерпуль» қурбонликка тайёрми?
Куннинг марказий ўйини Мюнхенда ўтказилиб, «Бавария» ўз майдонида «Ливерпуль»ни қабул қилади. Жамоаларнинг «Энфилд»да ўтказилган биринчи ўйинида ҳисоб очилмаганди. Юрген Клоппнинг айтишича, ўз майдонидаги энг яхши дуранг натижа бу 0:0. Бироқ, бу натижа кўпроқ «Бавария» учун қулайроқ. Чунки, меҳмондаги ўйинда гол ўтказмаслик ўз майдонидаги ўйинда яхшигина устунлик беради. Бошқа томондан немисларнинг меҳмонда гол ура олмаганликлари уларга қийинчилик туғдириши ҳам мумкин. Энди «Ливерпуль» урган ҳар бир гол иккитага юради.
«Ливерпуль» 29 йилдан буён Англия чемпиони бўла олмай келмоқда. Шу сабаб АПЛ совринисиз ўтаётган ҳар бир йил клуб мухлисларининг аламини кучайтирмоқда. Ҳозир жамоа Юрген Клопп мураббийлигида охирги йиллардаги энг яхши ҳолатида. Мухлислар улардан Премьер-Лига ғолиблигини кутишмоқда. «Ливерпуль» ҳозир икки фронтда кураш олиб бормоқда ва бир қарашда иккита мусобақада ғолиблик учун курашиш жамоага оғирлик қилиши мумкин.
Мухлислар орасида «Ливерпуль» икки мусобақадан бирини қурбон қилиши кераклиги, акс ҳолда иккаласини ҳам бой бериши муҳокама қилинмоқда. Клоппдан бу ҳақда сўрашганда, мураббийнинг жаҳли чиқди. Муҳаммад Салоҳ эса қуйидагича жавоб берди: «Премьер-Лига ғолиблиги учун Чемпионлар Лигасидан жон деб кечган бўлардим».
Бундай алмашувга клубнинг барча мухлислари кўнишса керак, лекин Чемпионлар Лигасидан кечиш бу АПЛ ғолиблигини таъминлайди дегани эмас. Ундан ташқари, Клопп шогирдларига «Йигитлар, бизга Чемпионлар Лигаси керак эмас, бор эътиборни Премьер-Лигага қаратамиз. Бугун «Бавария»га ютқазиб берамиз», дейиши ақлга сиғмайдиган нарса. Топ-клублар ҳеч қачон ютқазиш учун майдонга тушишмайди.
«Ливерпуль»нинг захира имкониятлари катта бўлмаса ҳам, ўзи қатнашаётган барча мусобақада ғолиблик учун курашиши аниқ. Британиянинг халқаро майдондаги энг муваффақиятли жамоаси Чемпионлар Лигасидаги 6-совринни ҳеч қанақасига қурбон қилмаса керак.



















