Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда мавзули сайёр (очиқ) мажлисларини тизимли асосда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларда мавзули сайёр (очиқ) мажлисларини тизимли асосда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ҳукумат мажлислари – минтақавий бошқарув масалаларини, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш режалари, дастурлари ва бошқа қонун ҳужжатларини жамоавий кўриб чиқишни таъминловчи ҳукумат фаолиятининг бир шакли ҳисобланади.

Ҳукумат мажлисларини ўтказишда қуйидагилар Вазирлар Маҳкамасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари ва топшириқларидан келиб чиқадиган вазифаларни ўз вақтида, сифатли, самарали ҳамда натижадорлик билан бажарилишини мониторинг қилиш;

Давлат бошқаруви (ҳудудий) органлари, ижро этувчи ҳокимият (маҳаллий) органлари ва бошқа ташкилотларнинг (ҳудудий) раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси президентининг ҳужжатлари ва топшириқларида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини кучайтириш;

Давлат бошқаруви (ҳудудий) органлари, ижро этувчи ҳокимият (маҳаллий) органлари ва бошқа ташкилотлар ўртасида мунтазам равишда идоралараро ҳамкорликни йўлга қўйиш;

аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларга оид муҳим ва устувор вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш;

минтақавий бошқарув масалаларини, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш режалари, дастурлари ва бошқа қонун ҳужжатларини жамоавий кўриб чиқилишини ташкил этиш, ўтказиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш;

Давлат бошқаруви (ҳудудий) органлари, ижро этувчи ҳокимият (маҳаллий) органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва Ҳукумат мажлислари ўтказилиши жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш юзасидан ижрочиларга топшириқлар бериш.

Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат мажлисларини ўтказиш жараёнида қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.