10:53 / 15.03.2019
8812

Паст Дарғом тумани: Икки ойда ичимлик суви муаммоси бўйича саккизта мурожаат

Kun.uz таҳририятига Паст Дарғом тумани, «Пўлатчи» маҳалласида яшовчи Неъмат Гулмуродов қўнғироқ қилиб, маҳалладаги юзта хонадонга ўн йилдан бери ичимлик суви келмаётганидан шикоят қилди.

«2009 йилда маҳалламизга келадиган ичимлик суви қувурига шикаст етиб, юзта оила сув тармоғидан узилиб қолганди. Мана, ўн йил ўтди ҳамки муаммони бартараф эта оладиган ташкилот йўқ. 2017 йил туманимиздаги халқ қабулхонасига шикоят қилдим. 2018 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига бир неча марта мурожаат қилдим.

Табиийки, мурожаатларим туман ва вилоят «Сувоқова» корхоналарига келаверади. Улар эса фақат ваъда беришади. 2018 йил туман ҳокимига қилган мурожаатимга эса жавоб ҳам келмади.

2019 йилда вилоят телерадиокомпаниясида Самарқанд вилояти ҳокими томонидан ташкиллаштирилган «Очиқ мулоқот» кўрсатувига тўғридан-тўғри яна шу муаммо юзасидан мурожаат йўлладим. Тегишли ташкилотлар март ойида муаммо бартараф этилишини билдирганди. Март ойининг ярми ўтди. Аммо ҳеч қандай иш бошланмагани учун Kun.uz’га қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Ахир, бу сафар ҳам ваъдага ишониб қолмайлик-да. Шикаст етган 10 метр қувурни таъмирлаш учун наҳотки шунча йил кетса...», дейди у.

Пўлатчи маҳалласига борувчи сув қувурининг шикаст етган қисми мана шу йўл остида. Қувурнинг муҳофаза ҳудуди бўлмагани, ҳар қандай турдаги автомобиллар бемалол ўтиб қайтавергани сабабдан ҳам кўпгина қувурлар шу ҳолга келмоқда. Аммо мутахассисларнинг фикрича, гап фақат ўн метр қувурда бўлганида аллақачон муаммога ечим топиларди.

Муаммо юзасидан, Паст Дарғом туман «Сувоқова» давлат унитар корхонаси бош муҳандиси Олим Очилов ўз фикрини билдирди:

— Афсуски, бир неча метр сув қувурини таъмирлаш билан муаммони ҳал қила олмаймиз. Чунки сув қувурлари камида 40 йиллар олдин тортилган, эскириб кетган. Қолаверса, туман марказидаги савдо дўконлари, автомобиль тўхташ жойлари ҳам сув қувурлари муҳофаза ҳудудига кириб келган. Бу эса авария ҳолатлари кескин кўпайишига сабаб бўляпти. Тумандаги аҳолининг 67 фоизи марказлашган ичимлик сув тармоғига уланган. Юқоридаги каби сабаблар билан узилишлар кўпайгач, мурожаатлар сони кескин ошиб кетди. Йиллар давомида тўпланиб қолган муаммо ҳисобланади бу. Бу йил илк марта туманда бир қатор ҳудудларда ичимлик суви муаммосини бартараф этиш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилган. 2019 йил давомида қатор маҳаллалар, жумладан, «Пўлатчи» маҳалласида ичимлик суви таъминоти тикланади.

Туман «Сувоқова» вакили йилнинг айнан қайси ойида Пўлатчида сув таъминоти тикланишига аниқлик киритмади. Пўлатчиликлар эса бу йилни ҳам умид билан ўтказишмоқчи эмас. Неъмат Гулмуродов ҳеч бўлмаса вақтинча шикаст етган қувурни таъмирлаш тарафдори. Фуқаронинг ҳам гапида жон бор. Ахир, шикаст етган қувурларни созлаш «Сувоқова» корхонасининг асосий вазифаларидан бири-ку? Авария-тиклаш хизматлари шу мақсадда ташкил этилган.

Яна бир гап. Мазкур муаммо юзасидан юқори идораларга жавоб бериларкан, «Сувоқова» давлат унитар корхонаси «Ушбу маҳалладаги сув қувурини таъмирлаш 2019 йил дастурига киритилгани, ҳозирча маҳалла аҳолисига махсус техникалар билан жадвал асосида етказиб берилаётгани» маълум қилинган ва шу билан иш «ёпилган». Аслида эса...

— Афсуски, бу ёлғон маълумот, — дейди Н.Гулмуродов. — Ўтган йиллар давомида фақат бир мартагина махсус техникада сув келтиришди. Уни ҳам менинг уйимга. Энг қизиғи, сувни олаётганимда туман «Сувоқова» ходими суратга олаётганди. Кейин билсам, бу суратлар менинг шикоятларим юзасидан керакли жойларга ҳисоб бериш учун экан.

Эҳтимол, соҳа масъуллари мурожаатларни қайси йўл билан бўлмасин «тинчитиш» эмас, халқни қийнаётган муаммони бартараф этиш устида бош қотиришганда, бугун бу туманда ичимлик суви муаммоси илдиз отиб кетмаган бўларди. Юқоридаги «ёндашув» сабаб бўлса керак, жорий йилнинг дастлабки икки ойидаёқ туманнинг турли маҳаллаларидан вилоят ва республика ташкилотларига 8 марта мурожаат бўлган. Сўнгги бир йил ичида айнан Паст Дарғом туманидан ичимлик суви бўйича шикоятлар сони жами 44тага етган. Энди аҳоли туман ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқилган сув муаммолари бўйича «йўл харитаси» ижросига умид қилиб турибди. Аммо ижро этилармикин?..

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top