13 март куни Қирғизистон томони ўзаро келишувларга қарамай, Ворух жамоатида можарога сабаб бўлган «Кўктош-Оқсой-Тамдик» йўли қурилишини бошлагач, Тожикистон билан чегарада можаро юзага келди. 

Ворух жамоати аҳолиси йўл қурилишига қарши норозилик билдирганида, қирғиз томони уларга қарата ўқ узди, оқибатда бир тожикистонлик ҳалок бўлди, яна 11 киши жароҳатланди.

Маълумотларга кўра, можарода Тожикистон томондан 70 киши, Қирғизистон томондан эса 50 киши иштирок этган Тожикистонликлар йўл қурилиши учун олиб келинган техникаларга тош ота бошлаган ва қурилишга қаршилик қилишган. Тожикистонлик чегарачилар маълумотига кўра, можаро давомида қирғизистонликлар ўқотар қурол ишлатишга ўтган, Ворух жамоати аҳолиси бўлган 50-60 чоғли киши гаровга олинган. 

Ўз навбатида, қирғизистонликлар чегара ҳудудидаги Чоркуҳ жамоатига ҳам ҳужум қилишиб, Абдумажид Муллажоновга тегишли тегирмон ҳамда савдо омборига ўт қўйишган.

Тожикистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара қўшинлари бош бошқармаси баёнотида 43 ёшли Ҳусайн Ҳакимов ҳалок бўлгани тасдиқланган. У ов милтиғидан отилган ўқ туфайли вафот этган.

Тожикистон МХДҚ баёнотида айтилишича, 15 март кунига келиб ҳам, вазиятни барқарорлаштириш учун қўлланган чораларга қарамасдан, чегарадаги вазият оғирлигича қолмоқда.

«2019 йилнинг 14 мартида Қирғизистон республикаси фуқаролари, Баткен вилояти Оқсой қишлоғи аҳолиси Исфара тумани Ворух жамоатига бориш йўлида тўпланиб, делегация аъзолари ўтишига қаршилик қилишди. Маҳаллий вақт билан тахминан соат 15:30да оқсойликлар Ворух жамоатини ўраб олиб, йўлларни тўсиб қўйишди ва тожикистонликларни тошбўрон қила бошлашди. Тожикистон Республикаси фуқаролари баткенликлар ҳужумидан ҳимояланишга мажбур бўлишди. Кейин эса қирғиз чегарачилари ва қуролланган қирғизистонликлар Тожикистон Республикасининг қуролсиз фуқароларини ўққа тутди», дейилади баёнотда.

Отишма натижасида Тожикистоннинг яна бир фуқароси ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланган.

Маълум қилинишича, Тожикистон фуқароси бўлган, 1982 йилда туғилган, Ворухдаги Тидон участкасида яшаган Тешаев Расулиддин Имомбоевич оғир жароҳат олиб, вафот этган. Тожикистоннинг яна бир фуқароси, 2003 йилда туғилган Хайдаров Ансориддин эса чап қўлидан жароҳат олган ва маҳаллий шифохонага ётқизилган.

«Шу билан биргаликда қирғизистонликлар Ворухда яшовчи Тожикистон фуқаролари, 1970 йилда туғилган Зайниева Мавлуда ҳамда 1955 йилда туғилган Вохидов Абдуманоннинг уйларига бостириб кириб, уларга тан жароҳатлари етказишган», дея қайд этилган баёнотда.