11:59 / 18.03.2019
35242

Бош прокуратура бизнесни текшириш ишларини мувофиқлаштириш ваколатидан маҳрум бўлди 

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

2019 йил 1 апрелдан бошлаб Бош прокуратура бизнесни текшириш ишларини мувофиқлаштиришни тўхтатади. Бу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил шуғуллана бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонда шу ҳақда айтилган. 

Белгилаб қўйилишича, 2019 йил 1 апрелдан:

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан амалга оширилади;

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларга оид қарорлари назорат қилувчи органлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш соҳасидаги фаолиятини таъминлашда иштирок этади.

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ўз ваколатларини амалга ошириш доирасида:

назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини назорат қилади;

назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тўғрисидаги буюртмаларини кўриб чиқади ва уларнинг асослилигини ўрганади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишга розилик бериш ёки рад этиш, шунингдек, уларнинг муддатларини узайтириш ёки кўчириш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун назорат қилувчи органларнинг айбдор мансабдор шахсларини жавобгарликка тортиш бўйича чоралар кўради;

тадбиркорлик субъектлари фаолияти устидан давлат назоратини амалга ошириш соҳасида ягона ҳисоб ва ҳисобот юритилишини, шунингдек ушбу соҳада назорат қилувчи органларнинг ягона ҳуқуқни қўллаш амалиёти юритилишини таъминлайди;

назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш соҳасидаги қонунчилик нормалари қўлланилиши юзасидан маслаҳат ёрдамини кўрсатади;

тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш соҳасидаги норматив базани ишлаб чиқиш ва такомиллаштиришда иштирок этади.

Бундан олдин, Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида қатор лавозимлар ва бошқармалар тугатилгани хабар берилганди.

Top