Таниқли ҳинд дизайнери, шахсий бренд асосчиси Риту Бери Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият туризми элчиси этиб тайинланди. Бу ҳақида Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган "Ўзбек мусиқа ва модаси фестивали" доирасида маълум қилинди. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Kun.uz'га шу ҳақида хабар беришди.

Риту Берини Ҳиндистонда кўпинча "Мода маликаси", "Ҳиндистон модаси бириничи хоними" дея эътироф этишади. У Парижда ўз коллекциясини намойиш қилган биринчи ҳинд дизайнери ҳисобланади.

Фото: Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси

Жаҳонга машҳур кино юлдузлари Николь Кидман, Летиция Каста, Мадхури Диксит кабилар Риту Берининг либосларида намоён бўлишади.

Риту Бери шунингдек креативлик ва инновациялар тарғиботи билан шуғулланувчи The Luxury League нотижорат ташкилотининг асосчиси ҳам ҳисобланади.

Деҳлида ўтган ўзбек мусиқаси ва модаси фестивалида Риту Бери ўз либослар коллекцияси билан иштирок этди. Либослар тадбир учун махсус ишланган бўлиб, уларда ўзбек икатининг ёрқин анъанавий элементлари мавжуд.

Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев Риту Беруни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият туризми элчиси этиб тайинланиши ҳақида эълон қилди ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий сертификати ва эсдалик совғасини дизайнерга топширилди.

Фото: Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси

Риту Бери Ўзбекистон томонга бундай юксак ишонч учун катта миннатдорчилик билдирди. Шу ўринда у ўзининг Ўзбекистонга қилган сафарини ёдга олиб, мамлакатнинг туризм ва маданият соҳасидаги ноёб салоҳияти ҳақида сўзлади. Дизайнер Ҳиндистонда Ўзбекистоннинг маданий ва туристик салоҳиятини тарғиб қилиш учун астойдил ҳаракат қилишини таъкидлади.

Бери ўзбек маданий-тарихий меросига жуда қизиқишини алоҳида қайд этиб, Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг маданий яқинлиги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. У шунингдек бугунги кунда Ўзбекистон ҳинд оилалари учун энг машҳур туристик йўналишлардан бири ҳисобланишини айтиб, барчани Ўзбекистонга саёҳат қилишга чорлади.