Қозоғистон пойтахти Остона маслиҳати пойтахтнинг мамлакатнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шарафига Нур-Султон деб қайта номланиши қарорини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Tengrinews.kz нашри хабар берди.  

“Шаҳар акимати президентнинг буюк замондошимиз, Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Абишевич Назарбоев номининг абадийлаштирилиши таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бизга шаҳар аҳолиси, меҳнат жамоаларидан бу ташаббус қўллаб-қувватланган мактублар келмоқда. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда фуқаролардан бири “пойтахтнинг янги номи шаҳарнинг янги ғалабалари бошланиши бўлиши”ни ёзган мактуб келди. “Нурсултон – кучли ном” деб ёзилибди мактубда. Акимат давлатнинг янги раҳбари ташаббусини қизғин қўллаб-қувватлайди. Биз сизга ҳам президент Тоқаевнинг ташаббусини қўллаб-қувватлашни таклиф қиламиз”, деб мурожаат қилган шаҳар раҳбари Бахит Султанов малиҳат депутатларига мурожаатида.    

Шу муносабат билан депутатлар навбатдан ташқари сессияда Қозоғистон пойтахти Остонанинг Нур-Султон деб ўзгартирилиши қарорини қўллаб-қувватлашган. 

Маслиҳат депутати Заура Жусупованинг айтишича, бу таклиф республика ономастик комиссияси билан мувофиқлаштирилиши керак.

Остонанинг Нур-Султонга ўзгартирилишини Қозоғистоннинг янги президенти Қосим-Жўмарт Тоқаев янги лавозимига киришиш вақтидаги қасамёд келтиришдан кейин таклиф қилган.    

“Буюк замондошимиз – Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти Нурсултон Абишевич Назарбоевнинг номини қуйидагича абадийлаштириш керак: пойтахтимиз Президентимиз исмини олиб, Нур-Султон деб номланиши лозим. Шуни қўшимча қилишни истардим, бу таклиф Қозоғистон мустақиллигининг 25 йиллиги муносабати билан 2016 йил 23 ноябрда парламентчилар томонидан қабул қилинган декларацияда ҳам билдирилган”, деб айтган Тоқаев.