Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Қишлоқ жойларда агротуризм соҳасини жадал ривожлантириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда агротуризмни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий мувофиқлаштирувчи Кенгашларнинг намунавий таркиби тасдиқланиши мумкин.

Ҳудудий мувофиқлаштирувчи Кенгашларга:

агротуризмни ташкил этиш имкониятига эга бўлган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари имкониятларини чуқур таҳлил қилиш;

таҳлил натижалари асосида агротуризмни ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни шакллантириш ва тасдиқлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритиш;

ҳудудий дастурларни амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш;

ҳудудий дастурларга киритилган лойиҳаларни белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш;

лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида юзага келган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш чораларини кўриб бориш;

агротуризм ташкил қилинган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарини сайёҳларни жалб қилишдан олдинги кўрикдан ўтказиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;

фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сайёҳлар томонидан татиб кўриш, харид қилиш ҳамда ишлаб чиқариш ва етиштириш жараёнларида иштирок этиш шароитларини яратиш;

агротуризмни ривожлантириш ва ҳудудий дастурларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган, республика даражасида ҳал бўладиган масалалар юзасидан Туризмни ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгашга таклифлар киритиб бориш;

агротуризм ташкил этган фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарида инновацион ғоялар, ишланмалар
ва технологияларини кенг жорий этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда кенг тарғиб этишга кўмаклашиш;

ҳудуднинг географик, экологик салоҳиятидан келиб чиқиб, агротуризм йўналишини ривожлантиришда хорижий мамлакатларнинг тажрибасини чуқур ўрганиш ва жорий этиш бўйича таклифлар киритиш;