“Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида Ўзмиллийбанк маҳаллий ва хорижий инвесторлар билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғидан келиб чиққан ҳолда, Ўзмиллийбанк инвестиция фаолиятини кучайтиришга йўналтирилган ўз “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқди. 

Белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, Наврўз байрамини нишонлаш кунларида Ўзмиллийбанкнинг Чилонзор туманидаги янгиланган кўринишдаги “Саёҳат” филиалининг очилиши бўлиб ўтди. Эндиликда бу ерда бино бутунлай бошқача дизайнга эга бўлиб, мижозлар учун қўшимча барча қулайликлар яратилган. Улар қаторида “ягона дарча”, “универсал менежер” хизматлари, электрон навбат ва бошқаларни кўриш мумкин.

Фото: Ўзбекистон миллий банки

Бинонинг ички қисми янги услубда жиҳозланган. Асосий ранглар – оқ, кўк ва феруза ранглар. Мижозларни қабул қилиш залида исталган масала бўйича ёрдам берувчи икки ходим кутиб олади. Филиал иккита хизмат кўрсатиш зонасига ажратилган: ўнг томон – жисмоний шахслар, чап томон эса – юридик шахслар учун мўлжалланган.

Шунингдек, кутиш зали ҳам мавжуд. Яна бир қулайлик – барча хизмат турларини ягона дарчада олиш мумкин. Иккинчи қаватда Инвесторларни қўллаб-қувватлаш маркази жойлашган. Унинг асосий вазифаси – бизнесни бошлаш учун ахборот тўплаш, таркибий ва бошқа инфратузилмаларни ривожлантиришга кўмаклашиш орқали Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари учун хизмат сифатини тубдан ошириш ҳисобланади.

– “Бизнинг филиалда электрон навбат, ресепшн ва 24/7 қулай офислар жорий этилган, юридик ва жисмоний шахслар учун алоҳида зоналар яратилган. Бундан ташқари, энди универсал менежер хизмати мавжуд: мижоз бир менежерга мурожаат қилади ва у банк операциялари бўйича мижозга барча керакли кўрсатмаларни тақдим этади”, - дея қайд этди Ўзмиллийбанк “Саёҳат” филиали бошқарувчиси Шердор Мамаюсупов.

– “Мен беш йилдан буён банкнинг мижози ҳисобланаман. Банк ходимлари доимо ҳушмуомала. Қулайликларга келадиган бўлсак, авваллари менга қаватма-қават юриш қийинчилик туғдирар эди. Ҳозир барчаси яқинда ва кўп вақт сарфлашга ҳожат йўқ”, - деди мазкур филиал мижози Ҳадича Қурбонова.

– “Биз Ўзмиллийбанк хизматидан 20 йилдан бери фойдаланиб келамиз. Банк айниқса, сўнгги 3 йил ичида жуда яхши ривожланмоқда. Менда ҳеч қачон нақд ва пластик карта билан боғлиқ операциялар бўйича муаммолар бўлмаган. Электрон навбат хизмати жуда қулай: рақам олиб, навбатингиз келгунича ўз ишларингиз билан шуғулланишингиз мумкин. “Жонли” навбатни кутишга ҳожат йўқ. Биз Европа стандартлари томон илдам бормоқдамиз ва бу жуда ажойиб”, - деди филиал мижози Қаҳрамон Юсупов.