Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш хизмати бўлинмалари фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича: 

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 12 апрелдаги ПҚ-2883-сон «Ички ишлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 июндаги 421-сон «Ички ишлар органлари қўриқлаш хизмати фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ҳамда унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари фаолияти ташкил қилинган;

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2019 йил 29 январдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Қўриқлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси таркибига берилган ва уларнинг доимий жойлаштирилган жойи ўзгартиришсиз қолдирилган;

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг штатлари ҳисобидан қўриқлаш фаолиятини ташкил этилишига шахсан жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг ўринбосари Қўриқлаш бош бошқармаси бошлиғи лавозими киритилган.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати бўлинмалари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

давлат, ўта муҳим, тоифаланган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қўриқлашни ташкиллаштириш ҳамда ушбу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш;

давлат қўриқлаш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш, қўриқлаш бўлинмаларида назорат текширувларини ўтказиш, идоравий қўриқлаш бўлинмалари объектларида ички ва рухсат бериш режимига риоя этилишига доир ишларни назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш;

қўриқланаётган объектларда ички, рухсат бериш режимлари ва мол-мулк қўриғини, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва бартараф этилишини таъминлаш;

жамоат тартибини сақлаш ва таъминлашга кўмаклашиш, қўриқланадиган объектларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш;

қўриқлаш фаолиятига замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини жорий этиш, қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш соҳасида ягона техник сиёсатни таъминлаш, улардан фойдаланиш устидан самарали назоратни амалга ошириш;