Ўзбекистон | 15:59 / 30.03.2019
41988
3 дақиқада ўқилади

МЧЖ тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритилди 

Фото: Pinterest

«Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилди, деб ёзмоқда Norma.
 
Биринчидан, устав капиталидаги улушни (унинг бир қисмини) жамиятнинг бир иштирокчисидан бошқаларига ва учинчи шахсларга ўтказиш тартиби батафсил белгиланди. Энди имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқини амалга ошириш истагида бўлган иштирокчи ўз улушини (унинг бир қисмини) сотишни таклиф этаётган иштирокчини 7 кунлик муддатда бу ҳақда хабардор қилиши керак. Бунда улушни тўлиқ ёки унинг муайян қисмини сотиб олмоқчи эканлиги кўрсатилади.  
 
Воқеаларнинг кейинги ривожи келиб тушган таклифларнинг умумий миқдорига боғлиқ:

• агар у сотилаётган улушнинг миқдоридан ошмаса, иштирокчилардан ҳар бири унинг ўз хабарномасида кўрсатган қисмини сотиб олади, агар унинг қолган қисми учинчи шахс ихтиёрига ўтказилгунига қадар жамият иштирокчиларидан қўшимча таклифлар келиб тушмаса, учинчи шахсга ўтказилиши мумкин;
• агар у сотилаётган улуш (улушнинг бир қисми) миқдоридан ошса, иштирокчилар, агар жамиятнинг уставида ёки жамият иштирокчиларининг келишувида бошқача тақсимлаш назарда тутилмаган бўлса, устав фондидаги ўз улушлари миқдорларига мутаносиб равишда сотиб олади.
 
Иккинчидан, устав фондидаги улушнинг 50 ва ундан ортиқ фоизи эгасига айланган шахс (бундан давлат мустасно), агар бунгача улушларга эгалик қилмаган ёки 50%идан камроғига эгалик қилган бўлса, миноритар иштирокчиларга улушларини бозор қиймати бўйича ўзига сотишни 30 кун ичида таклиф этиши шарт. Уставда шундай тартибот назарда тутилган бўлса, ушбу таклиф жамият орқали юборилиши мумкин. Жамият иштирокчисининг ўзига тегишли улушини сотиши тўғрисида 30 кун ичида ёзма розилигини олгач, уни сотиб олиши шарт.
 
Учинчидан, дивидендларни тўлаш муддати белгиланди – у фойдани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан 60 кундан ошмаслиги керак. Уларни тўлаш муддати ва тартиби жамиятнинг уставида ёки иштирокчиларнинг умумий йиғилиши қарорида белгиланади.
 
Қонунга устав фондининг энг кам миқдорини ундан чиқариб ташлаш билан боғлиқ бир қатор тузатишлар ҳам киритилди.
 
Қонун 21.03.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид