Жаҳон | 11:40 / 31.03.2019
47702
2 дақиқада ўқилади

Трамп сўзлари арабларни сергаклантирди. Улар шошилинч йиғилиш ўтказмоқда

Фото: REUTERS

Америка президенти Дональд Трамп АҚШ учун Исроилнинг Жўлан тепаликлари устидан суверенитетини тан олиш вақти келганлигини билдирганди. Минтақавий ихтилофлар ичида қолган араб давлатлари Трампнинг сўзларидан сўнг жипслашиш ҳаракатига тушди. Улар 1967 йили Исроил томонидан эгаллаб олинган Жўлан тепалиги бўйича АҚШ қарорига қарши турмоқда.

Жазоир ва Судандаги намойишлар, Саудия бошлиқ коалиция ва Яман зиддияти, Форс кўрфазидаги геосиёсий кураш ҳамда Қатарнинг яккаланиб қолгани етмагандай, араб давлатлари АҚШ президентига ҳам муносиб жавоб қайтариши лозим.

Дастлаб, Ал-Қудс шаҳрини Исроил пойтахти деб тан олган Дональд Трамп орадан тўрт ой ўтмай Жўлан тепалиги устидан назоратнинг ҳам қонунийлигини тан олиш вақти келганидан сўз очди.

Ливан Ташқи ишлар вазири Жиброн Басилнинг айтишича, араб давлатлари ТИВ раҳбарлари АҚШнинг ҳаракати БМТ уставига номувофиқ деб топган. Шунга қарамай, Араб давлатлари лигасининг 22 аъзоси минтақа ҳаётига оид бошқа масалаларда келиша олмаслиги вазиятни чигаллаштиради.

АДЛ якшанба куни шошилинч йиғилиш чақирган бўлиб, унда Исроил томонидан тортиб олинган Жўлан тепалиги устидан назоратнинг ўрнатилиши муҳокама этилади.

2017 йилдан буён биринчи марта Қатар ва Саудия вакиллари бир стол қаршисида умумий масалани муҳокама қилиши кутилмоқда. Аммо Жазоир ва Судан раҳбарлари ички сиёсий инқирозлар туфайли йиғилишда иштирок этишмайди.

Мавзуга оид