Кўпчилик, айниқса, илм соҳасидалар мамлакатимизда илм-фан борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан яхши хабардор. Ҳар қандай соҳада бўлганидек, тизимнинг ривожи аввало ундаги мутахассисларга бевосита боғлиқ. Илм-фан соҳасида илмий даражага эга бўлган кадрлар муҳим ўрин тутади. Шунинг учун фикримни айнан илмий даража бериш тизимидан бошласам.

Мамлакатимиздаги илмий даража бериш тизими 2012 ва 2017 йилларда кескин ўзгартирилди. Иккала ҳолда ҳам ўзгаришлар координацияси Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) томонидан амалга оширилди. Яқин орада ОАК фаолиятига ўзгартириш киритиш имконини берувчи қарор лойиҳаси омма эътиборига ҳавола этилди.

Амалдаги тизим ҳақида

Амалдаги илмий даража беришнинг икки табақали тизими собиқ иттифоқ даврида ва мустақил бўлганимиздан то 2012 йилнинг июлига қадар (озгина ўзгартириш билан) амал қилган тизим билан деярли бир хил. Ҳозиргисида талаблар бирмунча кучайтирилган, номлар европалаштирилган, холос. Тан олиб айтиш керакки, шу ҳолида ҳам 2012-2017 йилда амал қилган бир табақали тизимдан кўп томонлама яхши. Лекин бу 5 йил амал қилган бир табақали тизимнинг мамлакатимиз илм-фан ривожига кўрсатган катта салбий оқибати сабаблигина ундан яхшироқ кўринади. Мазкур тизим афзалликлари ҳақида унинг тарафдорлари ёзгани маъқул. Мен унинг салбий жиҳатларига тўхталмоқчиман.

Биринчидан, икки табақали тизим дунё давлатларининг кам сонли қисмида амал қилади, аксарияти собиқ иттифоқ таркибидаги мамлакатлар. Демак, бизнинг ривожланган давлатлар тизимига интеграциялашишимиз учун яна бир кераксиз тўсиқ. Бизда бериладиган «Фан доктори» (Doctor of Science) илмий даражаси билан чет элда профессор лавозимини эгаллай олмайсиз. Уларда бунинг учун бошқача талаблар бор. Бу илмий даражамиз тўғридан-тўғри тан олинадиган мамлакатлар саноқли бўлиб (айтайлик, Россия), бизнинг олимларимизда у мамлакатларга бориб ишлаш истаги ва талаби кўп эмас.

Иккинчидан, тадқиқотчи фан доктори илмий даражасини олиш учун маълум бир мавзу остида бирлаштириш мумкин бўлган тадқиқотлар олиб боришга мажбур бўлади. Бу эса уни янги йўналишларни ўрганиши борасидаги ҳаракатларини чеклайди. Илмда янги йўналишда қисқа муддатда муваффақият қозониб, яхши илмий натижалар олиш осон эмас. Боз устига, кўзлаётганимиз илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига ҳам акс таъсир этади. Халқаро миқёсдаги илмий ҳамкорлик, фанлар кесимидаги қўшма илмий лойиҳалар ёки бевосита олинган илмий натижаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш борасидаги амалий лойиҳаларга қизиқишни камайтиради. «Фан доктори» илмий даражасига қўйилган юқори талаблар шуни тақозо қилади.