Фан-техника | 18:12 / 01.04.2019
28578
4 дақиқада ўқилади
Реклама

Тошкентда “Оқлон” технопарки очилди

2019 йил 1 апрель куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида кўп тармоқли “Оқлон” технология паркининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 10 август куни пойтахтимиз туманларидаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш чоғида “Оқлон” технология паркини барпо этиш вазифасини қўйган эди.

Бу борада Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 7 ноябрда “Кўп тармоқли “Оқлон” технология паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мақсад – инвестицияларни фаол жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш, янги рақобатбардошли ишлаб чиқаришларни ва технология паркларини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг алоҳида ҳудудларда жамланишини таъминлаш, шу асосда ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишдан иборатдир.

Қарор асосида Шайхонтоҳур туманида бўш турган ер участкасининг умумий майдони 1,8 гектар бўлган қисми “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг инвестиция компанияси – “PSBCapital” МЧЖга кўп тармоқли “Оқлон” технология паркини ташкил этиш учун ажратиб берилди. Бунда Ўзсаноатқурилишбанк ва “PSBCapital” компаниясига истисно тариқасида технопарк ҳудудида объектларни белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этган ҳолда бир вақтда лойиҳалаштириш шартларида қуришга рухсат берилди.

Бугунги кунда “Оқлон” технопарки мажмуасида қатор йирик корхоналар ўз ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаш арафасида турибди.

Улардан бири турли хилдаги коптокларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Overbridge” корхонасидир. Жами қиймати 45,0 млрд. сўм бўлган ушбу лойиҳа учун ташаббускор маблағларидан ташқари хорижий инвестициялар ҳамда банк кредит маблағлари ҳам жалб қилинди. 550 нафар ишчи доимий иш билан таъминланди. Корхона тўла қувватда ишга тушса, йилига 875,0 минг дона копток ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

“Lider kosmetik”. Ушбу корхона технопаркдаги катта ер майдонига эга ишлаб чиқариш объектларидан биридир. У ерда санитар-гигиеник маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Уни барпо этиш, жиҳозлаш ва дастлабки хомашё билан таъминлаш ишларига 35,0 млрд. сўмлик маблағ йўналтирилди. Шундан 2,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ Ўзсаноатқурилишбанк томонидан Хитой давлат тараққиёт банки кредит линияси ҳисобидан Туркиядан замонавий технологик жиҳозлар келтиришга жалб қилинди. 260 та янги иш ўрни яратилди.

Яна шундай йирик лойиҳалардан бири 190 та иш ўрнига эга “Colmet engravo” корхонаси томонидан амалга оширилмоқда. Бу ерда йилига 20,0 млрд. сўмлик рангли металлардан турли хилдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун корхона Туркия Эксимбанки кредит линияси ҳисобидан хориждан келтирилган энг сўнгги русумдаги ускуналар билан жиҳозланди.

Қайд этиш жоиз, “Оқлон” технопаркида иш бошлаётган мазкур корхоналар учун жами 110,0 млрд. сўмга тенг сармоялар йўналтирилди. Шундан 3,0 млн. АҚШ доллари хорижий инвесторлар томонидан жалб қилинди.

Банк Ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид