Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин. (Ш.Мирзиёев, 2016 йил 21 октябрдаги фармондан)

Замонавий ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисми – вужудга келадиган келишмовчиликларни суд орқали ҳал қилиш. Фуқаролик жамиятини бусиз тасаввур этиб бўлмайди. «Нимадандир норозимисиз – судга мурожат қилинг» – мазкур қоида барча, маълум миқдорда барқарор бўлган жамиятлар учун оддий, ҳаммага маълум қоида. 

Жамият барқарорлиги баъзи ўринларда қатъий тамойилларга амал қилишни тақозо қилади. Айни шундай тамойиллардан бири – жамиятда самарали суд тизимининг мавжудлиги. Яъни, суд кишиларга қай даражада адолатни таъминлаб беролса, мазкур жамият шунчалик барқарор ҳисобланади. Аксинча, одамлар «суд» сўзини «адолат» сўзи билан боғламай қўйишса, ундай жамият барқарор бўлмайди. Бундай жамиятда ижтимоий муносабатларда юзага келадиган зиддиятлар бошқа йўллар билан ҳал қилинади, суд воситасида эмас. Натижада жамият том маънодаги жамиятга – кишиларнинг иродаси мевасига айланолмайди.

Тарихга теранроқ назар ташлайдиган бўлсак, айнан суд тизими фундаментал инсон ҳуқуқларини таъминлаб беролмаган тузумлар тезда ижтимоий инқирозга юз тутган. Бундай тузумларнинг айримлари судларга мустақиллик бермай, уларни «қўғирчоқ»қа айлантириб, суд обрўсини йўққа чиқарган бўлса, бошқа бирлари судларнинг фаолиятини тоталитар мафкура қолипларига солган, натижада кишилар судларга Яратган уларга ато этган фундаментал ҳуқуқларини таъминлаб бера оладиган жой сифатида қарамай қўйишган. Фундаментал ҳуқуқларнинг таъминланмаслиги эса охир-оқибат ички норозилик ортиб боришига ва одамларнинг ишончи йўқолишига сабаб бўлган. Собиқ совет иттифоқи инқирозининг чуқур сабаби аслида шу – туб ҳуқуқларнинг бузилиши, ҳуқуқларнинг таъминланмаганидир.

Ўзбекистон фуқаролик жамияти қуриш йўлига тушди деб бемалол айта оламиз. Бунинг яққол белгиси – яқин ўтмишда ҳали бир марта ҳам очиқ суд доирасида кўрилмаган ишлар суд идораларида кўрила бошлаганидир. Бу Ўзбекистоннинг янги раҳбарияти ўзгаришлар йўлида содиқлигидан дарак.                                  

Куни кеча Тошкент шаҳрида Халқаро Ислом академияси устидан берилган, мазкур академия биноси ичида кийиниш тартиби юзасидан академия маъмурияти ҳамда ўқувчиси ўртасида юзага келган зиддият бўйича берилган ариза бўйича суд бўлиб ўтди. Бундай зиддиятнинг судда ҳал бўлиши фуқаролик жамияти учун мутлақо нормал ҳолат. Мазкур суд иши жараёнида тарафларнинг зиддиятга сабаб бўлган масала юзасидан далиллар келтириши, яъни далиллар беллашуви ва охир-оқибат суднинг амалдаги қонунчилик меъёрларига асосланган қарори мамлакатимизда юз бераётган ижобий ўзгаришларнинг исботи бўла олади.