Халқаро облигациялар чиқарилиши қўшимча маблағларга эҳтиёж ёки бюджет дефицитини қоплаш учун эмас.
Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқнинг фаровон турмуш кечириши ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминловчи замонавий ва самарали иқтисодиётни шакллантиришга йўналтирилган, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги.
Мазкур ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан иқтисодиётнинг барча тармоқларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш, илғор халқаро тажрибани жорий қилиш ва шаффофликни таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ.
2018 йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтингини олиниши ҳамда жорий йилнинг февраль ойида 1 миллиард АҚШ доллари ҳажмидаги илк суверен халқаро облигацияларининг жаҳон молиявий бозорларида муваффақиятли жойлаштирилиши юқорида қайд этилган мақсадларга эришишга хизмат қилади, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, мамлакатда етарли даражада фискал захиралар мавжудлиги ва макроиқтисодий барқарорлик таъминланаётган бир вақтда суверен халқаро облигацияларининг чиқариш замирида қўшимча маблағларга эҳтиёж ёки бюджет дефицитини қоплаш эмас, балки қуйидаги стратегик мақсадлар ётади:
1. Суверен халқаро облигацияларини жаҳон молиявий бозорларида жойлаштирилиши мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини халқаро инвесторларга батафсил намойиш этиб, хорижий инвесторлар учун республикамизга инвестиция киритишда суверен рискини тўғри баҳолаш учун имконият яратди.
Ўзбекистон Республикасининг 5 ва 10 йиллик суверен халқаро облигациялари бўйича йиллик фоиз тўловлари мос равишда 4,75% ва 5,375% даражасида белгиланиши халқаро инвесторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси билан боғлиқ рискларнинг мўътадил даража баҳоланишини кўрсатмоқда. Облигациялар чиқарилишидан олдин, кўплаб хорижий инвесторлар 10 йиллик Ўзбекистон суверен риски учун тўловни 6-8% дан ортиқ баҳолаганлар.
2. Суверен халқаро облигацияларининг муваффақиятли жойлаштирилиши Ўзбекистон учун бозорда “бенчмарк” яратиб, йирик давлат корхоналари ва банклари учун жаҳон молия бозорларида ўз облигацияларини жойлаштириш ва инвестицион лойиҳаларини мустақил равишда молиялаштиришга ўтказиш учун зарур замин тайёрлади.
3. Суверен халқаро облигацияларини харид қилган халқаро инвесторлар томонидан республикада амалга оширилаётган ўзгаришларнинг диққат билан кузатиб боришлари туфайли мамлакатда иқтисодий бошқарув соҳасида ислоҳотлар самараси учун зарур бўлган шаффофлик ва пруденциал ёндашувнинг изчил амалга оширилиши таъминланади.















