9-10 апрель кунларида Чемпионлар лигасининг 1/4 финали доирасидаги илк учрашувлар бўлиб ўтади.

«Тоттенҳэм»нинг янги стадионидаги дебют
«Тоттенҳэм» - «Манчестер Сити»
9 апрель. Лондон. «Уайт Ҳарт Лейн» стадиони. 00:00

«Шпорлар» учун Европанинг энг яхши 8 жамоаси ичида бўлиш - янги босқич эмас. 8 йил муқаддам Ҳарри Реднапп «Тоттенҳэм» учун ўша вақтда имконсиз бўлган ишнинг уддасидан чиқиб, жамоани ЕЧЛ чорак финалига олиб чиққанди. Бу ўша вақтда гиперсенсация сифатида кўрилганди, 2010 йилга қадар лондонликлар бирор марта ҳам ЕЧЛда иштирок этишмаганди. Аммо чорак финалда Жозе Моуриньо бошқарувидаги «Реал»га рўбару келган «шпорлар» иложсиз аҳволда қолишганди - Мадридда 0:4, Лондонда 0:1.

Ҳозир «Тоттенҳэм»нинг рақиби янада жиддийроқ жамоа - Хосеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»си. Англия чемпионлари иккинчи мавсумда ҳам ЕЧЛ чорак финалида ўз ватандошларига дуч келишди. Аммо бу сафар жамоа ўзига ишонмоқда: бу қарама-қаршиликни ўтган мавсумда «Ливерпуль»га қарши кечган ўйинлар билан солиштириш ўринсиз.

«Тоттенҳэм»га қарши ўйин «Ливерпуль»га қарши ўйинларни эслатмайди. Бошқа мавсум, бошқа клуб, бошқа футболчилар. Ўтган мавсум ҳам ажойиб эди, аммо Чемпионлар лигасида чорак финалдан ўта олмагандик», деди ўйин арафасида «шаҳарликлар» етакчиси Кевин де Брюйне.

«Ливерпуль»га қарши ўйинлар ўтган мавсумнинг энг ёрқин икки эпизоди эди. Бу мавсумда Англиянинг икки энг кучли жамоаси фақат финалда ўзаро тўқнашиши мумкин, аммо «Тоттенҳэм» бугун бунга тўсқинлик қилишга уринади. «Шпорлар» учун қўшимча мотивация - ўйин жамоанинг янги стадионида ўтказилишидир. «Тоттенҳэм»нинг янги стадиони фойдаланишга топширилиши муддати бир неча бор ортга сурилди ва ниҳоят ўтган ҳафтада ниҳоят стадион очилди. Сешанба куни бу ўйингоҳда ЕЧЛдаги дебют бўлиб ўтади, маҳаллий фанатлар бу ўйинни интизорлик билан кутишмоқда.

Де Брюйне стадион атрофидаги гапларга кулимсираганча муносабат билдирди: «Ҳамма стадион ҳақида гапирмоқда, худди бу бошқаларига ўхшамайдигандек. Барчанинг ҳам ўз стадиони бор ва барчанинг ҳам мухлислари бор. Икки жамоа мухлислари ҳам стадионда бўлишади».

Бельгиялик футболчининг скептиклиги тушунарли ҳол, аммо агар бу ўйинда «Тоттенҳэм» ғалаба қозонса нима деркин?..