Kun.uz сайтида жорий йилнинг 27 март куни «Хатирчида кўприкнинг абгор аҳволидан аҳоли азият чекмоқда. Муаммони ким ҳал қилади?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Унда Навоий вилояти, Хатирчи тумани «Гулистон» маҳалласидаги туман маркази билан боғлайдиган кўприк айни вақтда яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, шу туфайли қатнов тўхтатилгани, бу ҳолатдан аҳоли азият чекаётгани, мутасаддилар бу муаммони ҳал этиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмаётгани журналистик суриштирув асосида ёритилган эди.

Ўрганишимиз давомида маҳалла аҳолиси ўз эътирозларини билдириб ўтган эди: «Айни вақтда маҳалламиздан туман марказига ўтадиган кўприкда ҳаракат тўхтатилган. 2000 йилда қурилган кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Маҳалламизга кириш йўли ёпилган. Бу туман марказига ишга, ўқишга ва турли юмушлар билан борадиган аҳолига турли ноқулайликлар туғдирмоқда. Ахир маҳалламизда икки ярим мингдан зиёд киши яшайди. Қолаверса, қуйи томонда яна бир нечта маҳалла ва қишлоқлар бор. Ҳозир айланма йўл орқали туман марказига қатнаяпмиз. Аммо бу йўл умуман талабга жавоб бермайдиган лой кўча. Қолаверса, катта ариқ бўйлаб ўтган бу айланма йўлда хавфсизлик таъминланмаган. Яқинда бир автомобиль ариққа тушиб кетди. Ёмғир ёққан вақтда ўнлаб машиналар лойга ботиб қолади. Шу боис, транспорт воситалари туман марказидан маҳаллага келишни истамайди. Кўприкни қисқа вақтда таъмирлашнинг имкони бўлмаса, шу айланма йўлга шағал тўкиб, бироз бўлса-да, таъмирлаб беришса бўлади-ку?! Ахир, аҳоли бу айланма йўлдан қатнашга жуда қийналмоқда».

Навоий вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ушбу танқидий мақола ва маҳалла аҳолисининг эътирозлари юзасидан маълумот берди.

«Мақолада кўрсатилган кўприк Хатирчи туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси хизмат кўрсатувчи 4р269 «Қовоқ.қ-Тинчлик.қ-Мирдош.қ» автомобиль йўлининг 1 километридаги сел йўли устида жойлашган бўлиб, йиллик ёғинлар натижасида ҳосил бўлган сел оқимлари оқибатида таянчларда ёриқлар ва чўкишлар ҳосил бўлган.

Мазкур кўприк мутахассислар томонидан жойида ўрганиб чиқилиб, транспорт ҳаракати учун яроқсиз ҳолатга келиб қолгани аниқланган ва Хатирчи тумани ҳокимининг 2019 йил 23 январь кунидаги Ф-07-сонли фармойиши асосида кўприк орқали ҳаракат қатнови тўхтатилиб,транспорт ҳаракати вақтинчалик айланма йўл орқали ташкил этилган.