Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли ёмбиларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан аҳолининг инвестицион ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш мақсадида турли ўлчамлардаги ёмбилар муомалага чиқарилади.

Сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш объекти бўлиб Ўзбекистон Республикасининг амалдаги стандартларига мос келувчи ёмбилар ҳисобланади.  

Ёмбиларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш Марказий банкнинг ҳудудий Бош бошқармалари ва тижорат банклари орқали амалга оширилади.

Марказий банкнинг расмий веб-сайтида ёмбиларни сотадиган ва қайтариб харид қилиб оладиган банк шохобчаларининг манзили ҳақидаги маълумотлар эълон қилиниб борилади.
    
Тижорат банклари томонидан ёмбиларни сотиш ва қайтариб харид қилиб олиш Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.
    
Ёмбилар сотуви жисмоний шахсларга нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида, юридик шахсларга тўловни пул маблағлари ўтказилиши йўли билан амалга оширилади.
  
Ёмбиларнинг сотув нархи ҳар куни, миллий валютада, қимматбаҳо металлнинг Марказий банк томонидан белгиланадиган 1 грамм нархи ва Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланган маржага асосан белгиланади ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Ёмбиларни қайтариб харид қилиб олиш банк шохобчалари орқали амалга оширилади.
    
Қадоғи бузилмаган бут ҳолатдаги ёмбиларни қайтариб харид қилиб олган банк шохобчаси унинг эгаси билан ҳисоб-китобларни 2 кундан ошмасдан амалга оширади.
    
Бунда юридик шахснинг вакили ёмбиларни тасарруф этиш ҳуқуқи борлиги тўғрисидаги ишончномани тақдим этиши керак.

Ёмбиларни қайтариб харид қилиб олиш нархи ёмбилар топширилган кундаги қимматбаҳо металлнинг Марказий банк белгилаган 1 грамм нархига ва ушбу нархга қўлланиладиган Марказий банк Бошқаруви томонидан тасдиқланган чегирмага асосан Марказий банк томонидан белгиланади.