Янги номиналдаги купюра чиқиши мумкинлигини ҳаммамиз билардик. Чунки ўн минг сўмликдан сўнг дарров эллик минг сўмлик пул эмиссияси амалга оширилди. Ундан кейин энг йирик юз минг сўмлик чиқарилди. Жуда кўпчилик буни кутганди, десак муболаға бўлмас. Шу билан бир қаторда у ўзи билан хавотирларни ҳам етаклаб келди. Оддий халқ қолиб ҳаттоки иқтисод ва молия соҳасидагилар ҳам пул қадрсизланиши, оқибатда, нарх-наво кескин ошиб кетишини башорат қилишди. Аслида ҳам шундай бўлиши мумкинми? Юзага келган қўрқув қай тарзда бартараф этилиши керак? Оралиқдаги пуллар (20, 30 минг сўмлик) нега муомалага чиқмади? Мутахассислар бунга қандай изоҳ беришади?
Марказий банкнинг Kun.uz'га расмий билдиришича, 1000 сўм ва 100000 сўм қийматлари орасида 5000 сўм, 10000 сўм ва 50000 сўм қийматидаги банкнотлар муомалага чиқарилган, лекин 20000 сўмлик банкнотни муомалага чиқариш режалаштирилмаган. Сўм тангаларни чиқариш масаласида — 2018 йил июль ойидан бошлаб Марказий банк томонидан янги намунадаги 50, 100, 200, 500 сўмлик тангалар зарб этилди — эски намунадагиларини қайтариб олиш кўзда тутилган.
Эски намунадаги 50, 100 сўмлик танга ва банкнотлар 2019 йилнинг 1 июлигача, эски намунадаги 200 ва 500 сўмлик қоғоз пуллар эса 2020 йил 1 июлигача муомалада бўлади. Янги номиналдаги танга чиқариш режага киритилмаган.
Иқтисод фанлари доктори Тўлқин Бобоқулов фикрига кўра, дунё тажрибасига асосан мамлакатда ЭКИҲнинг 50 фоизгача номиналда пул чиқариш мумкин.
«Юз минглик эмиссияси ушбу талабга тўла жавоб беради. Марказий Банк нима учун бу купюрани чиқарди? Инфляция даражаси юқорилашиб кетгани ва харажатларни қисқартириш сабаб бўлди. Оддийроқ қилиб тушунтирадиган бўлсам, ўнта ўн минглик ёки иккита эллик минглик купюрани ишлаб чиқаргандан кўра битта юз мингликни чиқариш қулайроқ ва харажатларни камайтиради.
Яна бир омиллардан бири сифатида нақд пулга эҳтиёжнинг юқори даражада эканлигини келтириш мумкин.
Таққослаш учун келтириб ўтаман: 2018 йил якунидаги статистикага кўра, Ўзбекистонда жами пул массасининг 26 фоизи нақд пулни ташкил этади. Бу кўрсаткич Россияда 19 фоиз, Қозоғистонда 13 фоиз, Японияда эса 3 фоиз. «Яширин иқтисодиёт» бўлган давлатларда нақд пулга талаб юқори бўлади. Оралиқ пуллар нега чиқарилмади? Юқорида айтганимдек, Марказий Банк харажатларни камайтириш мақсадига тезроқ эришиш ниятида. Оралиқ пуллар бу жараённи секинлаштиради. Юз минглик купюра транспортдан фойдаланишдан ташқари ноқулайлик келтирмайди», — дейди у Kun.uz'га интервью бериб.















