Ўзбекистон | 15:01 / 20.01.2022
12559
2 дақиқада ўқилади

«Келгусида 200 минг сўмлик купюрани муомалага чиқариш ҳам режалаштирилган» - Марказий банк раиси

Марказий банк томонидан 200 минг сўмлик купюрани муомалага чиқариш ҳам режалаштирилган. Бу 2024 йилда амалга оширилиши мумкин.

Фото: Рамиз Бахтияров

Келгусида 200 минг сўмлик купюрани муомалага чиқариш ҳам режалаштирилган ва бу 2024 йилда амалга оширилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банк Бошқарувининг 2022 йил 20 январда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарори юзасидан ўтказилаётган матбуот анжуманида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

"Биз муомаладаги нақд пулни оптималлаштириш жараёнини амалга оширмоқдамиз. 2017 йилда илк бор 50 минг сўмлик банкнотани чиқарганимизда, муомаладаги нақд пул миқдори аҳоли жон бошига 489 донани ташкил қиларди. Яъни, Ўзбекистондаги ҳар бир кишига қиймати турлича:  200, 500, 1000 сўм бўлган 489 дона пул бирлиги тўғри келган. Бугунги кунга қадар бу кўрсаткични икки баробардан кўпроққа қисқартирдик. Ҳозир эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган пул бирлиги сони 200 донадан сал ошади", — деди Мамаризо Нурмуратов

Маълумот учун, ҳозирда фойдаланилаётган 1000 сўмлик банкноталар 2001 йилда, 5 минг сўмлик купюралар 2013 йил 1 июлдан, 10 минг сўмлик банкноталар 2017 йил 10 мартдан, 50 минг сўмлик пул билетлари 2017 йил 22 августдан, 100 минг сўмлик 2019 йил 25 февралдан ,2 минг ва 20 минг сўмлик  2021 йилнинг 14 июнь кунидан бошлаб  муомалага киритилган эди.

Ўтган йилнинг 27 декабридан эса янги кўринишдаги номинал қиймати 50 минг сўм ва 100 минг сўм бўлган банкнот шаклида пул белгилари ҳам  муомалага чиқарилди.

Мавзуга оид