Футбол ўйинларига бўлган эътиборни ошириш, қўшимча тўқнашувлар яратиш, афишани кучайтириш учун «дерби» таснифи кўп ишлатилади. Ҳозир ҳам, дербиларнинг бошқа оддий учрашувлардан фарқи бор – бир ҳудуднинг икки жамоаси ўртасидаги учрашувлар ўзига яраша зиддият билан ўтади. Милан, Ливерпуль, Истанбул, Мадрид, Рим дербилари, масалан, турнир жадвали ёки жамоалар ҳолатидан қатъи назар кескин курашларга бой бўлади.

Аммо бугунги кунларда бу ном аксарият ҳолларда маркетинг, футболни тарғиб қилиш, мухлисларни жалб қилиш йўлида клубларга, ҳомийларга қўл келса-да, бир пайтлар бундай бўлмаган. Аксинча, футболдан инсонларни узоқлаштириш, совишга, ҳаттоки қўрқишга олиб келган даврлар ҳам бўлган.

Эътиборингизни футболдаги энг қонли, зиддиятли ва ашаддий дербилардан бирига қаратамиз.

Бугунги ҳикоямиз «Делие ва Гробари», яъни шарқий Европанинг икки клуби – «Црвена Звезда» ва «Партизан» фанатларининг ўзаро қарама-қаршиликлари тўғрисида бўлади.

Image
Фото: REUTERS

Брюссель. 1966 йил. Бутун Европа чемпионлар кубоги финалида «Реал»га имкониятни бой берган «Партизан» клуби фанатларининг безориликларидан ҳайратда. Брюссель стадионидаги улоқтирилган ўриндиқлар, ойналари чилпарчин бўлган магазинлар буюк нафрат ва жоҳилликнинг оқибати ўлароқ соқов гувоҳга айланган эди. Аммо худди шу ҳолат ярим асрдан бери Белградда бўлиб ўтадиган даҳшат олдида ҳеч нарса эмасди. Ҳар йили икки марта кузатиларди шундай ҳолатлар.

1945 йилда, Белград озод этилиб Тито режими ҳукм сура бошлагач, собиқ Югославия давлати пойтахти Белградда, кейинчалик Болқон футболини тарихида катта ўрин тутган икки клуб ташкил этилди. Озодлик ҳаракатчилари шарафига «Партизан» номини олган клуб ҳукумат жамоаси позициясида эди. Бу ҳолатни олдинроқ, Италияда Муссолини бошқаруви пайтидаги «Лаци«» ёки кастилиялик диктатор Франко давридаги «Реал» ўлароқ футбол тарихи кўриб улгурган эди. 

Иосиф Броз Тито ўзининг партизанлик ўтмишига алоҳида урғу берди ва «Партизан»нинг раҳнамоси сифатида гавдалана бошлади, жамоанинг халқаро юриши эса 1950-йиллар охирига тўғри келди. Ўшанда партизанчилар Жанубий Америкада ташкиллаштирилган халқаро турнир финалида «Ювентус» устидан ғалаба қозонган эди.

«Ювентус» президенти синьор Аньелли «Партизан» жамоаси ўйинларидан шунчалик завқ олдики, оқибатда у «Юве»нинг оқ-қора либослари комплектини жамоага совға қилди. Ўша пайтларда югослав клублари мамлакат байроғига урғу беришар ва асосан қизил, оқ ва кўк ранглардан фойдаланар эди. Кучли клубнинг эътирофини қабул қилган «Партизан» оқ-қора либосни ўзининг анъанавий либосига айлантирди ва «Гробари», яъни «Тобутчилар» лақабини олди. Бундай даҳшатли ном албатта жамоанинг ашаддий фанатларини ҳам хурсанд қилди, жамоага тегишли атрибуткалар, «ҳайқириқ сўзлари» ўзгартирилди. Фанатлар янги шиор ўйлаб топдилар – «Барча душманларни қабрга кўмамиз».