Жаҳон | 08:50 / 28.12.2022
16258
4 дақиқада ўқилади

Беларуслик «рельс партизанлари» 20 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинди

Украинадаги урушда қатнашиш учун Россия ҳарбий техникаси билан поездлар кетаётган Беларус темирйўлида қўпорувчилик қилишда айбланган уч нафар беларуслик 20 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтказилди.

Фото: intex-press

27 декабрь куни Гомел вилоят суди Беларусда Россия ҳарбий техникаси бўлган поездлар Украинадаги урушда қатнашиш учун ҳаракатланган темирйўлда саботаж қилишда айбланаётган уч нафар беларуслик устидан ҳукм эълон қилди. «Зеркало» нашрига кўра, Денис Дикун 23 йилга, Дмитрий Равич 22 йилга, Олег Молчанов эса 21 йилга озодликдан маҳрум этилган. Шунингдек, ҳар бирига 4800 Беларус рубли миқдорида жарима солинди ва тинтувлар давомида аниқланган мол-мулки мусодара қилинди.

Тергов маълумотларига кўра, 28 февраль куни Гомел вилояти Светогорск шаҳрининг уч нафар фуқароси Дикун, Равич ва Молчанов «Жерд-Останковичи» темирйўл линиясида (Гомел вилояти) реле шкафига ўт қўйган. Шу сабабли, участкада светофорлар ва кўрсаткичлар ишлашни тўхтатди, бу эса Украинадаги уруш учун РФ Қуролли кучларининг қуроллари ва ҳарбий техникаси бўлган поездлар жадвалида узилишларга олиб келиши мумкин эди.

Учаласи ҳам 4 март куни Светлогорскда ҳибсга олинган ва уларга бир нечта моддалар бўйича айблов қўйилган: Жиноят кодексининг 361-1-моддаси 3-қисми («Экстремистик тузилишда иштирок этиш»), 289-модда 3-қисм («Уюшган гуруҳ таркибида содир этилган, оғир оқибатларга олиб келадиган, одамлар учун ўлим хавфини туғдирадиган ва уларга тан жароҳати етказадиган террорчилик ҳаракати»), 309-модда 2- ва 4-қисми («Алоқа воситаларини қасддан яроқсиз ҳолга келтириш, бу оғир оқибатларга олиб келиши, шунингдек авария, бахтсиз ҳодиса ва одамларнинг ўлими хавфини юзага келтириши») ва 356-модда 1-қисм («Давлатга хиёнат»).

Беларус Тергов қўмитаси Дикун, Равич ва Молчановларга ўлим жазоси берилиши мумкинлигини маълум қилди. "Весна" инсон ҳуқуқлари марказининг адвокати Павел Сапелка, июнь ойида DW учун вазиятни шарҳлар экан, бу ҳақиқатга яқин эмаслигини айтди. Шунга қарамай, якуний ҳукм Беларусдаги темирйўлда қўпорувчилик ҳолатлари бўйича энг оғир ҳукм бўлди, дея таъкидлайди "Зеркало". Ҳозиргача Беларус «рельс партизанлари» учун максимал муддат 16 йил эди.

Дикун, Равич ва Молчанов устидан суд охирги уч ойдан бери ёпиқ эшиклар ортида ўтган, шу боис маҳкумларнинг ҳукмга нисбатан позицияси номаълум. Уларнинг қариндошлари айбловлар «мутлақо бемаънилик» экани, унга «ҳеч қандай асос йўқ»лигини айтишди. Шу билан бирга, улар «ҳамма нарса ёпиқ ва махфий», на адвокатлар, на судланувчиларнинг ўзлари уларга ҳеч нарса айта олмаётганидан шикоят қилишди.

Илгари Беларус давлат оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган «тавба» деб номланган видеода калтакланган кўринишга эга Денис Дикун ByPol   ташаббуси фаолларининг кўрсатмасига кўра Жердь-Останковичи участкасидаги жиҳозларга яна иккита шериги билан бирга ўт қўйганини, шунингдек, Литвада яшовчи қариндоши билан тил бириктириб ҳаракат қилганини айтганди.

Мавзуга оид