2019 йил 15 апрель куни Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 369-сонли мактабгача таълим муассасасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги Facebook’даги саҳифасида хабар берди.

Давлат-хусусий шерикчилик асосида хайрия фаолияти шаклида ташкил этилган мазкур таълим муассасаси бирлаштирилган турдаги биринчи МТМ бўлиб, унга ҳам соғлом тарбияланувчилар, ҳам жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болалар қатнаш имкониятига эга бўладилар.
Яккасарой туманида капитал таъмирланишдан кейин очилган 369-сонли МТМ биринчи инклюзив мактабгача таълим муассасаси бўлди. Бирлаштирилган турдаги МТМ руҳий ривожланиши суст бўлган болалар учун ташкил этилган гуруҳлар ва умумий таълим гуруҳларидан иборат бўлади.
“Инклюзив таълим – ҳам соғлом, ҳам имконияти чекланган болаларга бирдек керак. Биз ҳар бир бола бағрикенг бўлишга ўргатиш билан бирга инсон қадриятлари унинг имкониятига боғлиқ эмаслиги ҳақидаги фикрни сингдирмоқчимиз. Ёшлик чоғида боланинг руҳий ҳолати очиқ, эгилувчан ва ўзлаштиришга тайёр бўлади. Инсонлар орасида турли феъл ва қиёфага эга инсонлар мавжудлигига ўрганган болалар келажакда ўзларидан фарқ қилган болаларга зулм етказмайди. Жисмоний ривожланишида турли нуқсонлари бўлган тарбияланувчилар учун МТМга қатнаш мулоқот қилиш кўникмаларига эга бўлиш имкониятини яратиб бериб, уларнинг кейинги ижтимоий мослашувини осонлаштиради. Болаларнинг бир-бири билан учрашиши фақатгина ўйин майдони ёки ошхона билан чекланиб қолмайди. Инклюзия тамойилини амалга ошириш мақсадида ҳар бир оддий гуруҳга уч нафар имконияти чекланган, масалан нутқида оғир нуқсонлар бўлган болалар қатнайдилар. Биз ҳомийлар томонидан кўллаб-қувватланадиган мактабгача таълим муассасалари сони кўпайишидан умид қилиб қоламиз”, - дейди мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

Яккасарой туманидаги 369-сонли МТМда психик ривожланишда нуқсони бўлган тарбияланувчилар учун 7 та гуруҳ (1 гуруҳда 15 нафаргача болалар назарда тутилган) ҳамда инклюзив йўналишдаги умумий таълим бўйича 7 та гуруҳ (1 гуруҳда 25 нафаргача болалар назарда тутилган) очилиши режалаштирилмоқда.

















