Мақола сарлавҳасини бежиз бундай номламадик. Мурожаатлар асосида журналистик суриштирувлар жараёнларида айнан шундай ҳолатларга гувоҳ бўлмоқдамиз.
Жумладан, Паст Дарғом тумани ҳокимияти мутасаддиларининг кўзбўямачиликлари ва ёлғонларидан жабр чеккан ногиронлиги бўлган Севара Нурмуродованинг муаммоси ҳамон ижобий ечим топмаяпти. Туман ҳокимлиги мутасаддилари фақат ваъдалар билан чекланмоқда.
Севара Нурмуродованинг такрорий мурожаати асосида ушбу мавзуга яна қайтдик.
Айнан шу муаммо юзасидан 2018 йил 22 декабрь куни «Ногиронлиги бўлган она яна алданиб қолмасин — Пастдарғомча «фонограмма» «жонли ижро»га айланармикан?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.
Унда Паст Дарғом туманида яшовчи, икки фарзанднинг онаси, I гуруҳ ногиронлиги бўлган Севара Нурмуродовага Паст Дарғом тумани ҳокимлиги томонидан 2017 йил 24 декабрда икки хонали уй берилгани, лекин бу уй аслида бошқа фуқарога тегишли бўлгани, энди уй тортиб олинаётгани баён этилган эди.
Маълум бўлишича, айни вақтда икки нафар – 7 ёшли эгизаклари Ҳасан-Ҳусан билан яшаётган Севара Нурмуродова 2016 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли умуртқа поғонасини жароҳатлаб олган ва юриш бахтидан бир умрга айрилган. У ҳозирда фақат ногиронлик аравачасида ҳаракатлана олади. Шу туфайли турмуш ўртоғи билан ҳам ажрашиши унга яна бир оғир зарба бўлади.

2017 йил 1 декабрда «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони имзоланганди. Фармонда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан тумандаги ногиронлиги бўлган айрим фуқароларга арзон уй-жойлардан берилган. Севара Нурмуродовага ҳам туманнинг «Пўлатчи» маҳалласида қурилган икки қаватли уйлардан икки хонали хонадон ажратилган.
«Уй-жойга эҳтиёжим борлиги учун мен ҳам Паст Дарғом тумани ҳокимлигига мурожаат қилгандим. 2017 йил 24 декабрда орзум ушалди. Менга тантанали равишда икки хонали уй беришди. Биласизми, қувончим дунёга сиғмасди ўша пайт. Президентимиздан, вилоят ва туман раҳбарларидан беҳад миннатдор бўлдим. Телевидение съёмка қилди, тўлқинланиб интервьюлар бердим. Аммо яқинда туман ҳокимлигидан уйни қайтариб беришим кераклигини айтишганида жуда ёмон аҳволга тушдим... Бу уйнинг эгаси бошқа эмиш...», – дея Севара Нурмуродова кўз ёшлари туфайли сўзларини охиригача давом эттиролмаганди биз билан суҳбатда.


















