Жаҳон | 09:26 / 24.04.2019
34193
2 дақиқада ўқилади

Зеленскийга Путин билан яккама-якка учрашмаслик тавсия қилинди 

Фото: РИА Новости

Украинанинг сайланган янги президенти Владимир Зеленскийга Россия президенти Владимир Путин билан “бирга-бир” форматида музокаралар олиб бормаслик, бу музокараларга учинчи давлатларни жалб қилиш кераклиги тавсия қилинди. Бундай таклифни Зеленский жамоаси аъзоси, мудофаа вазирлигининг собиқ ходими Иван Апаршин ZIK телеканали эфирида билдирди.

“Мен Украина президентига Путин билан бирга-бир учрашишни тавсия қилмайман. Мен Путин бирор нарсани кафолатлашига ва умуман унга ишонмайман. Мен бу форматга у “ўйин қила олмайдиган” кучли давлатлар жалб қилинсагина ишонишим мумкин”, деб айтган Апаршин.

У бундай давлатлар сифатида АҚШ ва Буюк Британияни айтиб ўтган. Апаршиннинг фикрича, Украина президенти ўз мустақиллигини эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари етакчилари билан ҳам музокаралар олиб бормаслиги керак.  

Зеленский Украина президенти сайловларининг 2-босқичида 73,22 фоиз овоз билан ғалаба қозонди. У бу лавозимни сайловлар натижалари расман эълон қилингандан 30 кун ичида бажаришга киришиши лозим. Зеленский Олий рададаги тантанали йиғилишда халқ олдида қасамёд келтиради, қасамёдни конституциявий суд раиси қабул қилади.

Мавзуга оид