Тошкентда Қирғизистоннинг Road Show II ташқи туристик кўргазмаси доирасида бўлиб ўтган пресс-конференцияда Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги ҳузуридаги департамент раҳбари Максат Дамир ўғли сўзга чиқиб, мамлакат туристик салоҳияти ҳақида қатор маълумотларни тақдим этди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

«2018 йилда Қирғизистонга умумий 7 млн. турист ташриф буюрди. Улардан 3 млн. 285 минг нафари Ўзбекистон фуқароларини ташкил этди ва улар асосан Иссиқкўлда ҳордиқ чиқаришди. Жорий йилда туристик оқим ҳажмини ошириш мақсадида транспорт логистикасига катта эътибор берилди. Бунда аҳамиятли қадамлардан бири Тошкент-Бишкек-Балиқчи поезд йўналиши ташкил қилингани бўлди.Май ойи охирида ишга тушадиган темирйўл қатнови иккала мамлакат учун бирдай манфаат келтиради» , —  дейди у.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Вазир ўринбосари Қирғизистоннинг туристик салоҳияти ҳақида гапирди. Унинг айтишича, Қирғизистоннинг 95 фоизи ҳудуди тоғлардан ва 70 фоизи тоғ чўққиларидан иборат. Бу қиш мавсумида ҳам туристларни жалб қилиш қилиш учун қулай имкониятдир. Шунингдек, мамлакат соҳилбўйи туризмидан кўпроқ фойда кўради ҳамда бу кўрсаткич ҳар йили 2-3 миллион нафар туристни ташкил қилмоқда.

«Қирғизистонда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун 2018-2023 йилга мўлжалланган 5 йиллик дастур ишлаб чиқилган. Унда зиёрат туризмини ривожлантириш вазифаси ҳам қўйилган. Республикада 450 дан ортиқ тарихий объектлар бўлиб, мазкур зиёратгоҳларга туристларни жалб қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиққан маркетинг стратегиямизда республика туристик салоҳиятини кенг намойиш қилиш вазифаси қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда ташкил этилган ушбу кўргазма ишларимизнинг амалий кўриниши бўлиб хизмат қилади», —  дея қўшимча қилди Максат Дамир ўғли.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Маълумот учун, Roadshow туризм кўргазмаси Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Қирғизистон Республикаси Маданият, ахборот ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Туризм департаменти, «Осиё экспедициялари»  сайёҳлик компанияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда 60 та туристик компания иштирок этди.