Тадбирда туризм статистикаси, соҳа тарғиботи ва туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш, транспорт инфратузилмасининг ривожланиши, хориждаги диаспора билан ишлаш ва инвестицияларни жалб этиш, ҳудудларда туризм инфратузилмасининг ривожланиши ва тадбиркорлар билан ишлаш бўйича 2019 йилда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Тадбирдан сўнг Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари Улуғбек Азамов Kun.uz мухбирининг соҳага оид саволларига жавоб берди.
– Тадбирдаги чиқишингиз давомида 2020 йилда Транспорт вазирлиги билан янги йўналишларда қатновлар йўлга қўйилиши ҳақида айтиб ўтдингиз. Айнан қайси йўналишлар экани бўйича маълумот бера оласизми?
– Бу бўйича вазирлигимиз томонидан жуда катта ишлар олиб бориляпти. Бизга берилган имконият бу – «Очиқ осмон» имконияти. Аэропортларга янги йўналишлардан авиақатнов жалб қилиш бўйича ишлар олиб боряпмиз. Бу қайси йўналишлар? Биз учун муҳим бўлган йўналишлар – Европа мамлакатлари, Хитой, ҳатто мана Эрондан авиарейс очилди. Туркия бор, биласиз, жудаям серқатнов йўналиш. Араб давлатлари алоҳида. Бизнинг ўша зиёрат туризмига бўлган салоҳиятимизни ҳисобга олганда, менимча бу йўналишларда авиақатновларни йўлга қўйиш туризмга катта фойда бўлади ва олдимизга қўйган мақсадимиз туристлар сонини яқин 2-3 йил ичида 10 миллионга олиб чиқишга эришишимиз учун авиақатнов жуда ҳам муҳим. Биз бунинг устида биргаликда иш олиб боряпмиз. 2020 йилда бу иш давом этади, янги-янги ишлар бўлади.
– Туризм соҳасида 2019 йилда мавсумийлик омили камайгани бўйича маълумотлар тақдим этилди. 2020 йилда бу бўйича яна қандай ишлар амалга оширилади?
– Соҳадаги мутахассислар яхши билишади, авваллари мавсумийлик омили жуда катта муаммо эди. Сайёҳлар асосан баҳор, куз ойларида келишар, ёз ва қиш мавсумларида меҳмонхоналаримиз деярли бўш бўлар эди, фаолияти тўхтарди. Бўш бўлди дегани нима? Ўша меҳмонхона ишчиси ҳам маълум вақт таътилга чиқиши керак. Ҳозир бу кескин равишда ўзгарди. Нимага? Чунки Ўзбекистон дунёга очилди. Бунинг натижасида бизнес туризм йўналиши ривожланди.
Бизнес туризм деганимизда чет элдан тадбиркорлар, инвесторларнинг келиши, юртимизда турли форумлар ташкил этилиши натижасида мавсумийликнинг камайишига ҳисса бу аслида. Президентимиз ташаббуслари, бошчилигидаги ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон дунёга юзини очди. Бунинг натижасида кўпроқ турист келганининг ҳисобига ҳам мавсумийлик омили камайди. Биз туризмнинг алоҳида турларини ривожлантириш бўйича [ишларни амалга оширяпмиз]. Конгресслар ва кўргазмалар унитар корхонамиз очилди. Айнан шу мақсадларга йўналтирилган.

















