Жамият | 17:53 / 27.04.2019
32522
2 дақиқада ўқилади

Андижонда прокурор катта ёрдамчиси бошқарувидаги машина пиёдани уриб кетди. Пиёда воқеа жойида ҳалок бўлди

2019 йил 25 апрель куни соат 23:00ларда Андижон вилояти Марҳамат туман прокурорининг катта ёрдамчиси Б.П. бошқарувидаги “Нексия” русумли автомашинасини “Марҳамат-Асака” транспорт қатнов йўлининг Марҳамат тумани, Гар-гар маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида “Асака” йўналиши бўйлаб бошқариб кетаётган вақтида, қатнов йўлининг ўрта қисмида ҳаракатланиб бораётган пиёда Б.Б.ни автомашинасининг олд қисми билан уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисаси содир этган.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, натижада фуқаро Б.Б. олган тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўша куннинг ўзида вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов жараёнида суд-тиббиёт, суд-трассологик ва суд-автотехника экспертизалари тайинланган. Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳум Б.Б. ҳодиса содир бўлишидан аввал кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолат марҳумнинг яқин қариндошлари, ҳодиса содир бўлишидан бироз аввал кўришган дўстларининг кўрсатмалари билан ҳам тасдиқланган. 

Шунингдек, тергов йўли билан пиёданинг қатнов йўлининг ўтиш мумкин бўлмаган қисмида автомашиналар ҳаракати йўналишига қарама-қарши траекторияда ҳаракатланиб келганлиги аниқланган.

Терговнинг бориши устидан Бош прокуратура томонидан алоҳида назорат ўрнатилди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид