Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг раиси Алишер Курмановнинг Беларусь Республикаси Миллий мажлиси Кенгашининг Қонунчилик ва давлат қурилиши бўйича доимий комиссияси раисининг ўринбосари Виктор Чайчиц билан учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, суҳбат давомида томонлар Ўзбекистон ва Беларусь парламентлараро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, шунингдек 2019 йилда Минскда икки мамлакат ҳудудлари форумига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларини муҳокама қилди.

Томонлар сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестциявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар дўстлик, ишонч ва ўзаро манфаат принциплари асосида қурилаётганини таъкидлади.

Икки мамлакат ҳудудлари форумларининг ўтказилиши тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришга ва ҳамкорлик учун шарт-шароитлар яратишга, шу жумладан ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи ва ижро этувчи тармоқлари даражасида, бизнес вакиллари ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик учун шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиши таъкидланди.

Томонлар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, шу жумладан парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш учун бундан буён ҳам барча саъй-ҳаракатларни ишга солишга тайёр эканини билдирди, дейилади хабарда.