Жорий йилдан янги солиқ концепцияси амалиётга жорий этилиши нафақат бизнес вакиллари, балки, оддий фуқаролар даромади ва иш билан банд бўлишига ҳам ижобий таъсир этиб, уларнинг турмуш тарзида бевосита акс этмоқда, дея хабар беради ДСҚ матбуот хизмати.
Билдирилишича, жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳрида турли соҳаларда ноқонуний равишда ишлаётган 49 минг 610 нафар фуқаро жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтказилди. Тадбиркорлар янги солиқ концепцияси берган имкониятларни яхши англаган ҳолда норасмий ёлланган фуқаролар билан белгиланган тартибда меҳнат шартномасини расмийлаштирмоқда. Натижада, солиқ базаси кенгаймоқда, дейилади хабарда.
Бироқ, давлат солиқ хизмати органлари томонидан жойларда амалга оширилаётган тушунтириш-тарғибот ишларига қарамасдан фуқароларни ноқонуний равишда ишга жалб қилиш ҳолатлари учрамоқда.
Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан Сергели тумани, Янги Сергели кўчасида фаолият юритаётган умумий овқатланиш шохобчасида ўтказилган кўздан кечириш тадбирларида 15 нафар фуқаро меҳнат шартномаси тузмасдан ишлаётгани аниқланди.
Шунингдек, пойтахтнинг Миробод тумани, Афросиёб кўчасида жойлашган савдо дўкони фаолияти ўрганилганида, қоғозда бошқа, амалда эса ўзгача ҳолат эканлиги маълум бўлди. Яъни, харидорлар билан гавжум савдо дўконида давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган ҳисоботларда кўрсатилмаган 22 нафар фуқаро норасмий равишда ишлаётгани аниқланди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган кўздан кечириш, тушунтириш ва тарғибот тадбирлари натижасида саноат корхоналарида ишлаётган 21 минг 140 нафар, қурилиш корхоналаридаги 5 минг 80 нафар, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш корхоналарида 8 минг 853 нафар, транспорт ва хизмат кўрсатиш корхоналарида фаолият юритаётган 1 минг 869 нафар, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан норасмий равишда ёлланган 1 минг 935 нафар ва бошқа корхоналарда ишлаётган 10 минг 733 нафар фуқаро жисмоний шахсларнинг даромад солиғи тўловчисига айланди.
“Ҳурматли тадбиркорлар! Ишга жалб этилган фуқароларга “конверт” усулида ҳақ тўланишига йўл қўйманг. Унутманг, сиз ўзингизнинг инсофли хатти-ҳаракатингиз билан давлатимиз равнақига ҳисса қўшган бўласиз!” - дейилади ДСҚ баёнотида.
















