Khan Academy – Ҳарвард битирувчиси Салмон Хон томонидан 2006 йилда асос солинган, «Юқори сифатли таълимни ҳар кимга, ҳар жойда тақдим этиш»ни ўзига шиор қилиб олган нотижорий таълим ташкилоти.
Академия ўзининг интернет-сайтида математика, физика, кимё, биология, астрономия, космология, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, иқтисодиёт, компьютерга оид ва бошқа бир қанча фанларга доир 9 мингдан ортиқ қисқа видеолекцияларини барча учун бепул тақдим этади. Бу ҳали ҳаммаси эмас, академия сайти 50 мингдан зиёд амалий машғулотлар ҳамда ҳар бир ўқувчининг имкониятига қараб (персоналлаштирилган) таълим олиш имкониятини берадиган информацион панелни тақдим этади ва бунда ўқувчи ўзига қулай жойда – синфхонасида ёки уйида машғулот ўташи мумкин.
Хайрия маблағлари эвазига амалга ошириб келинаётган бу лойиҳа энди Ўзбекистонда ҳам ўз ишини бошламоқда. Мазкур лойиҳанинг ўзбекчага ўгирилиши ҳам якка шахсларнинг уриниши эвазига амалга ошди. Энг аввало, тадбиркор Ботир Арифжанов ва унинг маслакдошлари ташаббуси билан бошланган лойиҳа кейинчалик кўплаб кўнгиллилар, лойиҳа жонкуярлари иштироки билан қўллаб-қувватланди.
Khan Academy афзалликлари
Аввало бу ҳар ким – каттаю кичик учун ўз шароитидан келиб чиқиб таълим олиш имкониятидир. Ҳеч қандай чекловларсиз.Мактабларда дарс жараёни қай тарзда ўтиши, жараёнга хос бўлган камчиликлар кўпчиликка аён: дарс давомида ўқитувчи 20-30 нафар ўқувчи билан ишлаши боис, барча ўқувчилар ҳам фанни бир текис ўзлаштиришини назорат қилиши ва буни таъминлаши амримаҳол.
Дарс жараёнида боланинг бир мавзуни яхши тушунолмай қолиши кейинги мавзуни ўзлаштиришини қийинлаштиради, ундан кейингисини – янада қийинлаштиради. Натижада боланинг фанга қизиқиши батамом сўнади. Бир муддат ўтиб бола бу фан учун ўқувчи эмас, балки синфхонага шунчаки ташриф буюрувчига айланади.
Бунинг оқибатида юзага келадиган салбий натижалар ҳақида биз аввалги мақолаларимиздан бирида сўз юртиган эдик.
Khan Academy платформаси бу каби кемтикларни тўлдиришга сафарбар этилган – дарс давомида ўзлаштира олмаганини мазкур платформадан фойдаланадиган ўқувчи уйида ёки хоҳлаган бошқа жойида такрорлаши мумкин бўлади.















