Онлайн таълим олишга қизиқувчилар учун Khan Academy (Хан академияси) платформаси яхши таниш. У математика, физика, кимё, биология, иқтисодиёт, инглиз тили грамматикаси, тиббиёт, астрономия, молия, тарих каби фанлар бўйича 10 мингдан зиёд видеодарслар ва 100 мингдан ортиқ мавзулаштирилган интерактив машқларни жамлаган жуда катта қамровли платформа бўлиб, ҳар ким ўзи истаган тилда, қулай вақт ва жойда керакли фан бўйича билимларни олиши мумкин.

Бутун дунёда фан иштиёқмандлари орасида катта резонансга сабаб бўлган Хан академияси маълумотларидан энди ўзбек тилида ҳам фойдаланиш мумкин. Ўзбекистонлик бир гуруҳ кўнгиллилар платформа контентини маҳаллийлаштириш – ўзбек тилига ўгиришга бел боғлашган. Платформанинг қулайликлари ҳамда уни маҳаллийлаштириш жараёни ҳақида лойиҳа муаллифлари сўзлаб беришди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Барчаси қандай бошланган?

Хан академиясига 2006 йилда америкалик Салмон Хон томонидан асос солинган. У бошқа штатда истиқомат қиладиган жиянига математика бўйича масофадан туриб сабоқ бериш учун дарсларни видео шаклида ёзиб, youtube тармоғига жойлаштириб боради. Бу орада унинг видеосабоқлари бошқа фойдаланувчилар орасида ҳам кенг тарқалади. Шу тариқа академиянинг илк асоси қўйилган.

Хан академияси онлайн тарзда мустақил билим олишга мўлжалланган платформа ҳисобланади. Унда тизимлаштирилган видео ва машқлар мавжуд. Видеолар 5-6 дақиқалик микромаърузалардан иборат. Ҳар бир видео муайян фан бўйича битта тушунчани тушунтиришга йўналтирилган. Мазкур мавзу юзасидан билимларни синаш учун интерактив машқлар ҳам тақдим этилади.

Хан академияси контенти бугунги кунда 36та тилга таржима қилинган бўлиб, ундан 190дан ортиқ давлатда 63 миллионга яқин одам фойдаланади. Энг аҳамиятлиси, платформадан фойдаланиш мутлақо бепул.

«2014 йилда илк маротаба математика бўйича билимларимни янгилаш мақсадида мазкур платформадан фойдаланганман. Платформа маълумотларини ўзбек тилига ҳам ўгириш мумкинлигини билгач, уни кўнгилли тарзда таржима қила бошладим. 2018 йилгача баъзи таржимонлар билан 20 мингга яқин сўзни таржима қилганмиз. 2018 йилда ўзбекистонлик тадбиркор Ботир Орифжонов шу платформани маҳаллийлаштиришга амалий кўмак бериши ҳақида билдирди» , – дейди жамоа аъзоси Сеҳроб Иброҳимов.