Ўзбекистон | 17:48 / 02.05.2019
4117
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум давом этмоқда

2 май куни Тошкентдаги Wyndham меҳмонхонасида “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум – 2019” бошланди. 3-4 май кунлари эса «Ислом банкчилиги, такафул ва ислом микромолияси» мавзуида катта семинар ҳам ташкил этилади.

Мазкур тадбирни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад, ўзбекистонлик тадбиркорларни Ислом банкчилиги ва молияси соҳаси билан таништириш, уларни ушбу соҳа имкониятларидан хабардор қилиш, бошқа мамлакатлардан ташриф буюриши кутилаётган мутахассислар, амалиётчи-олимлар ва бошқа меҳмонлар билан ушбу соҳада юз бераётган янгиликлар билан бўлишишдан иборат.

Ушбу форум ва икки кунлик семинар “Al Huda” ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази, “Sheikh Ahmed Bin Obeid Al Maktoum” халқаро инвестицион компанияси ҳамда Ислом тараққиёт банкининг ICD тармоғи билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Форумда ислом банк - молия соҳасидаги тарихий воқеалар, глобал ғоя ва йўналишлар, такафул (ислом суғуртаси), Ўзбекистоннинг ислом банк - молия тармоғини ривожлантиришдаги имкониятлари ва бу йўналишдаги аниқ вазифалар каби мавзуларда тақдимотлар ўтказилмоқда. 

2018 йил май ойида Ўзбекистонда ислом банк иши ва инфратузилмасини жорий этишга қаратилган Ўзбекистон президентининг қарори лойиҳаси очиқ муҳокамага қўйилган эди. Қарор лойиҳасида тадбиркор ва фуқароларда фоиз юкига эга бўлмаган банк-молия ҳизматларига бўлган қизиқиш ва зарурият ортиб бораётгани қайд этилган. Шунингдек, ислом банк иши ва молияси тамойилларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш бўйича Комиссия тузилиши ҳам маълум қилинган

Ўзбекистонда ислом банк-молия тизимини татбиқ этиш ва ривожлантиришни кенг муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилаётган форум бутун минтақада “Ҳалол” бозорининг таркибий қисми бўлган ислом банк-молия тизими ривожланишига туртки бериши кутилмоқда.

Мавзуга оид