Бугун, 3 май куни Тошкент шаҳридаги «Туркистон» саройида журналистика соҳасида энг юксак мукофот – «Олтин қалам» XIV Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. ЎзА барча мукофотланганларнинг умумий рўйхатини келтирди.

Асосий мукофотлар:
Журналистика соҳасида Бош миллий мукофот демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида республикамизда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида мамлакат ва жамият ҳаётидаги долзарб воқеалар муҳокамаларига бағишланган сессияси учун Халқаро Пресс-клуб (раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев) ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ички ва ташқи сиёсати, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни, мамлакатда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили мақсад-вазифалари ижроси доирасида олиб борилаётган кенг қамровли саъй-ҳаракатларни тезкор ва таҳлилий ёритиб келаётгани учун «Ўзбекистон-24» телерадиоканали жамоасига (директор Мадамин Сафаров) насиб этди.

Мукофотларни ўз эгаларига Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов топширди.

Энг яхши журналистик материал учун миллий мукофот (телевидение):

Телевидение йўналишида журналистик материал учун 1-ўринга «Менинг юртим» телеканалининг «Марказий студия» ахборот-таҳлилий кўрсатуви (муаллиф ва бошловчилар: С.Баҳодиров, А.Пўлатов) сазовор бўлди. Мазкур теледастур мамлакатда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш борасидаги ишларни тезкор ва таҳлилий ёритгани учун мукофотга муносиб кўрилди.

Ушбу йўналишда 2-ўринни халқимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, сиёсий фаоллигини ошириш, фуқаролик позициясини ривожлантиришга йўналтирилган кўрсатувлари учун «Ўзбекистон» телеканалининг «Муносабат» кўрсатуви (муаллифлар: Қуддус Аъзамов, Нурали Орипов) эгаллади.