10:32 / 04.05.2019
16584

Ўзбекистонда сув чархпалаклари бўйича петиция эълон қилинди

Фото: sgp.uz

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида сув чархпалакларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, Бухоро вилояти Пешку туманида фермерлар ва аҳолига деҳқончилик қилиш учун каналлар ва зовурлардан сув кўтариш мақсадида соатига 770 киловатт электр энергиясини талаб этадиган 3 та насос станциялари ўрнатилган. 

“Туманда 60 дан ортиқ турли қувватдаги насослар фермерларга хизмат қилмоқда. Демак, биргина бизнинг туманимизда бир соатига 4000 киловатт электр энергиясини сарфловчи насослар ўрнатилган. Фермер хўжаликларига сувни етказиб бераётган насосларнинг харажатлари давлат бюджетидан қопланади. Бу эса сезиларли йирик суммадаги маблағни ташкил этади”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Мазкур электр насос станцияларига сарфланаётган энергияни тежаш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбаи бўлган сув чархпалакларидан фойдаланиш таклиф қилинган. 

Билдирилишича, бунинг учун қўшимча тарзда сув чархпалаклари канал ва зовурларга ўрнатилса, электр энергиясида узилишлар рўй берганда пахта ва ғалла, қолаверса, бошқа экинлар ҳосилига етиши мумкин бўлган зарарнинг олди олиниб, юқори ҳосилдорлик таъминланади. 

“Бунинг учун республикамизнинг илғор сувчилари, олимлари, конструктор-механикларини жалб қилган ҳолда сув ҳажми ва тезлигини ҳисобга олиб, мукаммал лойиҳалаштирилган, пухта ишланган, замонавий, ишлатишга қулай, сув чиқариш ҳажми деҳқон-фермерларни қониқтирадиган чархпалакларни давлат бюджети ҳисобидан ўрнатсак, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, - дейилади петицияда. 

Эслатилишича, бундай чархпалаклар 30-50 йил олдин Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ҳам қурилган бўлиб, аҳолига ҳали-ҳамон хизмат қилмоқда. 

Мазкур таклиф ўрганилиб, кўриб чиқилса, қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш ва электр энергиясидан самарали фойдаланишда янги имкониятлар яратилган бўлар эди, дея якунланади мурожаат.

Top