Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддинов рус тилига расмий мақом бериш бўйича таклифларга ўз муносабатини билдирди.
Тил – миллатнинг мавжудлик шарти. Миллат вужуд бўлса, тил - унинг руҳи. Шу боис ўзини таниган, ўзлигига эга ҳар бир миллат она тили ривожини ҳаёт-мамот масаласи деб билади. Тил тараққийси учун бор имкониятини ишга солади. Бундан 30 йил олдин давлат тили ҳақида қонун қабул қилингани – тил тараққиётини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлаган эди. Бироқ ўтган давр мобайнида ўзбек тилининг қўлланиш доирасини тўлиқ таъминлашга жиддий эътибор қаратилмади. Натижада давлат тилида иш юритиш аҳамиятсиздек бўлиб қолди. Бунинг оқибатида «эски тузум тарбиясини олганлар» беписандлик билан ўзбек тилининг қадрини ерга уриш ва «рус тилида иш юритиш»га мажбурладилар. Ўзбек зиёлиларининг безовта нолишлари ва ёшларнинг дод-фарёдига ҳеч ким қулоқ солмади. Ушбу таҳликали вазият давлатимиз раҳбарларини ташвишга солмаганми дейсиз. 2016 йилда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Президентнинг Давлат маслаҳатчиси томонидан 2018 йил 15 майда тасдиқланган «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси» бўйича тизимли ишлар ташкил этилгани, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгаши томонидан бу масала алоҳида назоратга олиниб, 2018 йил 15 ноябрдаги «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Тошкент шаҳрида ижро этилишини ўрганиш натижалари бўйича КК-456-Ш – сон қарори ва шу асосда Бош вазир томонидан тасдиқланган «йўл харитаси» бу йўналишдаги камчиликларни бартараф этиш давлатимиз раҳбарининг эътиборида турганини англатади. Қолаверса, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида лотин алифбосини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш бўйича тузилган ишчи гуруҳи икки ярим йил давомида ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчилик фикрини ўрганиб, чуқур илмий таҳлилларга асосланган таклифларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига тақдим этган. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 7 боб, 29 моддадан иборат Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди. Жумладан, унда 1995 йилда қабул қилинган «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-, 7-, 8-, 10-, 13-, 16-, 18-, 19-, 20-, 21-, 22-, 24- моддаларига ўзгартириш кўзда тутилган. Таъкидлаш зарурки, Қонуннинг янги таҳрири ҳуқуқий соҳада ва миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни ўзида тўлиқ акс эттириш ҳамда «Давлат тили ҳақида»ги Қонунга тўғридан-тўғри амал қилиш, унинг ижросини сўзсиз таъминлаш, шу кунгача давлат ва жамиятда кўзга ташланган кўплаб муаммоларга ечим топишга йўналтирилгани билан ажралиб туради.
Бироқ шуни тан олишимиз керакки, бу ишлар узоқ йиллар чўзилиб келди. Минг афсуски, бугунги кунда она тили тақдири учун қайғуриш туйғуси миллатимизнинг ҳар бир фарзандида қалб амри даражасига кўтарилган, дея олмаймиз. Акс ҳолда, «Вести.уз» сайтида олим, журналист, ҳуқуқшунос, санъаткор, бастакор ва ҳоказодан иборат бир гуруҳ «ўзбек зиёлилари» Ўзбекистонда рус тилига расмий тил мақомини бериш таклифини илгари сурмаган бўлар эди.
















