Ўзбекистон | 07:48 / 07.05.2019
21252
2 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлигига қатор ҳуқуқлар берилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти “Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

белгиланган тартибда давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш, ўқув жараёнини амалиёт ва илғор халқаро тажрибага интеграциялашувини таъминлашни инобатга олган ҳолда тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва узлуксиз касбий таълим тизимининг малака талаблари, ўқув режалари ва ўқув дастурларини тасдиқлаш;

тиббиёт ва фармацевтика таълими йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мустақил равишда таклифлар киритиш;

фақатгина ўқув ва амалиёт характерига эга чора-тадбирлар бўйича иш вақтини ҳисобга олишга таянган ҳолда тиббиёт ва фармацевтика таълимининг (шу жумладан, кредит-модулли ўқитиш тизими шароитида) ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда профессор-ўқитувчиларнинг меҳнат меъёрларини белгилаш, шунингдек, педагогик ходимлар томонидан илмий-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий-услубий, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишларнинг бажарилишини рағбатлантириш;

узлуксиз касбий таълим тизимида тиббиёт ва фармацевтика кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёнлари устидан ягона ташкилий ва ўқув-услубий раҳбарликни таъминлаш;

ўқитишнинг умумий харажатларидан келиб чиққан ҳолда клиник ординатура (резидентура)да тўлов-контракт асосида ўқитиш нархи миқдорини белгилаш.

Мавзуга оид