Яқин орада соғлом турмуш тарзи тарғиботи билан боғлиқ тадбирлар тез-тез ўтказилмоқда. Турли инстанциялар ташаббуси билан бот-бот югуриш, соғломлаштириш акциялари ташкиллаштириляпти, Тошкентда илк бор халқаро ярим марафон ҳам бўлиб ўтди, барча телеканалларда ҳар куни уч марта оммавий бадантарбия машғулотлари видеороликлари намойиш этилиши белгиланди. Бутун аҳоли қатнашадиган «Алпомиш» , «Барчиной» жисмоний тайёргарлик тестларининг ўтказилиши йўлга қўйилди. «Ёшлар спорт ҳафталиги» , юриш куни тадбирлари ўтказилди. Боринг, ана Жисмоний тарбия ва спорт вазири-ю, ёшлар етакчисининг ўзи аҳоли билан бир сафда туриб бадантарбия машқларини бажарди ҳам.
Буларнинг барчаси, албатта, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, жамоавий иммунитетни шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида амалга ошириляпти. Аҳоли орасида энг минимал ҳаракатсизлик кузатилгани ҳолда саломатлик рейтингларида юқорилашни орзу қилиб бўлмайди.
Бундай акцияларнинг мантиқий давоми сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 664-сонли буйруғи чиққан бўлиб, у «Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги Президент Қарори ижросига қаратилган. Унда аҳоли ўртасида саломатлик муҳитини шакллантиришга қаратилган бандлар мавжуд. Бунга боғлиқ равишда, Тошкент шаҳар ҳокимияти соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг ҳам буйруғи чиққан ва унда Тошкент шаҳридаги барча даволаш-профилактика муассасаларида иш куни давомида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари, ҳафтасига камида бир маротаба «Саломатлик куни» ташкил этиш кўрсатилган. «Тиббиёт муассасаларида соғлом турмуш тарзини олиб бориш учун шароитлар яратиш» деган қисми ҳам мавжуд.

Мазкур кўрсатмалар шаҳар тиббиёт масканларида қисман (!) бажарилаётганига бевосита гувоҳ бўлдик. Хусусан, Мирзо Улуғбек туманидаги 13-поликлиникада чиндан ҳам ходимлар иш куни давомида бадантарбия билан шуғулланишяпти. Поликлиника ходимининг маълумот беришича, кунда икки маҳал ─ соат 11.00 ва 15.00да ходимлар бинонинг асосий даҳлизига йиғилиб, спорт инструктори бошчилигида енгил югуриш ва гимнастика машқларини қилишади. «Ҳамма ҳам чиқмайди, ким истаб, ким истамай чиқади, қўлдан келганча машқларни бажаради» ,─ дейди ҳамшира.
Ажабланарлиси, машғулотлар нақ бинонинг ичида, беморлар қаторлашиб навбат кутиб турган жойда ўтказилади.
















