Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Нурота тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Департамент маълумотига кўра, Ғозғон шаҳар тиббиёт бирлашмаси Марказий поликлиникаси мудири ўринбосари Ф.Т. фуқаро О.А.ни шаҳар тиббиёт бирлашмасига ҳамшира вазифасига ишга жойлаштириб беришни ваъда қилган.

Мансабдор бунинг эвазига 1 500 АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.

Тезкор тадбир давомида у мазкур маблағни олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.