Темур Малик ва Буюк ипак йўли кўчалари кесишмасидаги йўл ўтказгичнинг бир қисми кўчиб тушгани ҳолати юзасидан бир неча киши жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Судланувчилар

Жиноят ишида 6 киши судланган.

Булар:

  • Акмал Муродов – “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” давлат муассасаси 12-туркумли умумий ишлар бўйича директор ўринбосари; 

  • Санжар Маннонов – “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДМ директор ўринбосари – бош муҳандиси;

  • Зафар Шарахмедов – “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДМ муҳандислик техник назорат ва бажарилган ишларни қабул қилиш бўлим бош мутахассиси;

  • Абдумутал Исропилов – “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” ДМ ишлар бўлими иш бошқарувчиси;

  • Нуршод Мавлонов – “Йўл лойиҳа бюроси” МЧЖ 1-сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш бўлими лойиҳа бош муҳандиси;

  • Обид Адилов – “Grand nur yo‘l qurilish” МЧЖ директори.

Судланувчиларга гаров эҳтиёт чораси қўлланган. Икки нафарига қўлланган қамоқ ва бирига қўлланган уй қамоғи эҳтиёт чораси кейинчалик гаровга ўзгартирилган.

Айблов

Суд ҳукмига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 мартдаги қарори билан Тошкент ҳалқа йўлининг Темур Малик кўчасидан ўтган бир қисмини ҳамда ушбу йўлдаги йўл ўтказгични реконструкция қилиш ва янгисини қуриш белгиланган. Шу мақсадда “Ўзйўлкўприк кластерининг Тошкент вилояти филиали” ДМ ва “Умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш дирекцияси” ДМ ўртасида 1-босқич учун 2024 йил январ ойида қиймати 118 млрд 996 млн сўмлик, 2024 йил август ойида қўшимча келишувлар билан 94 млрд 15 млн сўмлик пудрат шартномалари тузилган.