Жаҳон | 10:00 / 12.05.2019
7780
2 дақиқада ўқилади

Трамп Хитойга савдо келишувини имзолашни чўзиб ўтирмасликни тавсия қилди 

Фото: EPA

Хитой АҚШга экспорт қиладиган маҳсулотларига божлар киритилишининг жиддий оқибатларига йўлиқмаслик учун савдо келишувини 2020 йилдан кейин эмас, балки ҳозир тузиши керак. Буни Хитойга АҚШ президенти Дональд Трамп тавсия қилди. 

Трамп твиттерда музокаралар унинг иккинчи президентлик муддатида ўтса, унда Хитой учун келишув анча ёмон бўлишини, шу сабабли хитойликлар ҳозироқ ҳаракат қилишлари оқилона бўлишини таъкидлаб ўтган.

Трамп Хитой яқинда ўтган музокаралардаги муваффақиятсизликдан кейин 2020 йилда АҚШдаги президент сайловларида унга омад кулиб боқиб, демократлар ғолиб бўлишига умид қилаётган бўлиши мумкинлигини айтган.

9-10 май кунлари Вашингтонда АҚШ ва Хитой ўртасида савдо зиддиятлари бўйича музокараларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди ва келишувнинг имзоланишисиз якунланди. Вашингтон деярли тайёр келишувнинг барбод бўлишида Хитойни айблаган.

Хитой вакили АҚШ Хитой маҳсулотларига божлар қийматини оширса, унда Пекин жавоб чоралари кўришга мажбур бўлишини таъкидлаганча, Вашингтон бу масалада босиқлик кўрсатишига умид билдирган.

Мавзуга оид