«Манчестер Юнайтед» яна бир футболчиси билан хайрлашди. Сўнгги йилларда жамоа сардори бўлиб келган эквадорлик ҳимоячи Антонио Валенсия ҳам жамоани тарк этади. Эътиборингизга ушбу футболчининг жамоа мухлисларига мурожаатини ҳавола қиламиз.
Бир пайтлар, мен – эквадорлик болакайга биров келиб, келажакда «Манчестер Юнайтед »да 10 йил ўйнашимни айтса, асло ишонмасдим.
Мен ота-онам ва олти нафар ака-сингилларим билан Лаго Агрио яқинидаги қишлоқда катта бўлганман. Ҳаммаси оддий эди. Баъзида байрам қилардик, аммо атрофдаги, ташқаридаги ҳақиқат бироз бошқача эканини билардик. Яшаш учун етарли маблағлар кам эди, шунинг учун болалигимиз жуда оғир ўтган. Отам ва болалар, ҳаммамиз уйга шунчаки, егулик олиб келиш учун ҳар куни курашардик. Онам ҳам.
Шаҳардаги нефть саноати туфайли иш кўп эди. Ишчилар кўп, отам ҳам, акаларим, опаларим ҳам ҳали улғайиб улгурмасдан, шу ерда, заводда ишлашган. Оиламга моддий ёрдам бериш учун мен ҳам ишга киришар, масалан, кўчалардан бутилкаларни тўплардим. Уларни кўпайгач, топшириб қанчадир пул олардим. Мен ҳам бу курашда аскар эдим.
Нотўғри тушунманг, албатта, ҳар бир болакай каби, менинг ҳам бахтли кунларим бўлган. Уйдагилар билан ўйнаш завқ эди, айтишим мумкинки, болалигимнинг ярми қувонч, қолган ярми ғам билан ўтган. Лекин бу ҳаёт, табиийки, ҳеч қачон ҳаммаси яхши бўлмайди. Масалан, ҳамманинг ҳам уйи рўпарасида футбол майдони бўлмаган, яъни омадлари келмаган. Менинг омадим келган.
Лаго-Агрио жамоаси ўша стадионда ўйнарди. Биз томоша қилгани чиқар, шунингдек, истаган пайтимизда у ерда тўп тепишимиз мумкин эди. Деярли ҳар оқшомимиз ўша ерда ўтар, баъзида стадион ходимлари бизни тўхтатиш учун светни ўчириб қўйишар ёки онам келиб, олиб кетарди. Биз жуда кўп футбол ўйнардик ва албатта, бу фаолиятимни бошлашга катта ёрдам берди.
14 ёшга кирганимда «Эл Национал» клубига кўрикдан ўтмоқчи бўлдим. Бу клуб Эквадорнинг энг кучли жамоаларидан бири, мамлакат пойтахти Кито, бизнинг уйимиздан 250 километр масофада жойлашган. Мени 16 ёшлилар жамоасида синаб кўришди ва мураббий жамоага олишга қарор қилди. Форма беришди ва ёш футболчилар ётоқхонасига жойлаштиришди. Шу тариқа менинг футбол фаолиятим бошланди.
«Манчестер Юнайтед»га қизиқишим ўша пайтларда бошланган. Манчестерда тўп сурадиган америкаликлар – Верон ва Форлан туфайли, бу клуб менга яқин бўлиб қолганди. Мен «Юнайтед»нинг ўсишини, йилдан йилга турли совринлар ютишини кузатдим. Ўша пайтларда бу клуб қандай клуб эканини ҳис қила бошладим.
Футбол билан шуғулланишни бошлаган йилларим, аввал бирор маҳаллий клубда профессионал равишда ўйнаш, кейин мамлакат терма жамоасида майдонга тушиш ҳақида ўйлаган бўлсам, кейин, бу истакларим амалга ошгач, Европада тўп суриш ҳақида ҳам орзу қила бошладим. Аввалига «Уиган»да, кейин Испанияда ўйнаб, ўз устимда ишлашга ва катта клубларнинг эътиборини қозонишга урина бошладим.


















