Ўзбекистонда олиб борилган тадқиқотлар янги қувват қурилишларисиз аҳолининг электр энергиясига нисбатан ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириб бўлмаслигини кўрсатди. Kun.uz мухбири “Ўзатом” агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг 16 май куни Халқаро энергетика конференцияси доирасида берган маълумотига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.
"Ўзбекистонда атом электр станциясини қуриш қарорига бирданига келингани йўқ, уни қабул қилишда барча шарт-шароитлар – иқтисодиёт ривожи, техпрогнозлар, янги станцияларнинг қурилиши, электр етказиб берувчи линиялар модернизацияси ва энергия мувозанати учун электр энергиянинг бошқа манбалари, хусусан қуёш энергияси, гидроэнергияни ҳам жалб қилиш каби жиҳатлар инобатга олинган. Барча тадқиқотлар сезиларли янги қувват қурилишларисиз аҳолининг ўсиб бораётган эҳтиёжини қондириб бўлмаслигини кўрсатган. Вариантлар ўрганиб чиқилиб, “3+” авлодига мансуб икки блокли АЭС қуришга доир қарор қабул қилинган. Танлов стратегик ҳамкорларимиз – “Росатом” давлат корпорацияси фойдасига ҳал бўлди. Бунда хавфсизлик, сифат ва муддатлар каби жиҳатларга устуворлик берилди", - деди Мирзамаҳмудов.

Шунингдек, "Ўзатом" агентлиги бош директори бугунга қадар амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасида ҳукуматлараро келишув имзолангандан кейин АЭС қурилиши учун салоҳиятли майдонни излаш ишлари бошлаб юборилган. Бунда майдоннинг АЭС қурилиши учун экологик, иқтисодий ва техник жиҳатдан оптимал мувофиқ келиши ҳисобга олинмоқда.
"Куни кеча тадқиқотларнинг дастлабки босқичи якунланди. Энди “Росатом” давлат корпорацияси вакиллари билан салоҳиятли майдонда янада чуқур муҳандислик тадқиқотларини ўтказишга киришамиз. Танланган майдонда атроф-муҳитга таъсир баҳосини ишлаб чиқа бошладик. Халқаро талаб ва АЭХА тавсияларига мувофиқ тегишли экспертиза ва жамоатчилик эшитуви йўлга қўйилади", - таъкидлади у.
Тадбирда таъкидланишича, лойиҳа амалга ошишини тезлаштириш мақсадида Россия Федерациясининг қонун-қоидаларидан максимал фойдаланишга доир қарор қабул қилинган ва бундай ёндашув АЭХА экспертлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.
"Шу билан бир қаторда биз ўзимизнинг норматив базамизни ишлаб чиқа бошладик, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланишга оид қонун шулар жумласидандир. Мазкур қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи эшитувидан ўтган ва яқин кунларда муҳокамалар давоми учун иккинчи эшитувга қўйилади",

















