Табиий газ ва электр энергиясининг нархи ошади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида»ги 897-сонли қарорига мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб табиий ва суюлтирилган газ ва электр энергияси учун нархлар оширилади.
Жумладан:
Табиий газнинг ( 1 м³ учун) нархи:
- ҳисоблаш асбоблари бўлганида аҳолининг коммунал маиший эҳтиёжлари учун — 350 сўм;
- ҳисоблаш асбоблари бўлмаган ҳолда аҳолининг коммунал маиший эҳтиёжлари учун:
- овқат тайёрлаш ва иссиқ сув таъминоти учун — 605 сўм;
- иситиш тизими учун — 350 сўмдан ҳисобланади.
Электр энергиясининг нархи (1 кВт соати учун):
I ва II гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 370 сўм;
III гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 280 сўм;
IV гуруҳдаги истеъмолчилар учун — 392 сўм этиб белгиланади.
Давлат хизматларини кўрсатишдаги ҳудуд ва пропискага чегара бекор бўлади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги «Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини янада комплекс ривожлантириш чоралари ҳақида»ги қарорига мувофиқ 2019 йил 1 июндан бошлаб:
- давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний ва юридик шахслар исталган жойдаги Давлат хизматлари марказларига (прописка ва почта манзилидан қатъи назар) мурожаат қилишга ҳақли бўлади;
- давлат хизматларини олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат этганда, давлат божи, йиғимлар ва бошқа тўловлар Марказлар орқали ёки бевосита хизмат кўрсатувчи органларга мурожаат этганда тўланадиган суммадан 90 фоиз миқдорида тўланади.












