Жаҳон | 01:18 / 19.05.2019
3421
2 дақиқада ўқилади

Австрия канцлери парламентга муддатидан олдин сайлов эълон қилди

Фото: AFP

Австрия канцлери Себастьян Курц вице-канцлер Ҳайнц-Кристиан Штрахе истеъфога чиққач, мамлакат парламентга муддатидан олдин сайловлар ўтказишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.

Курцнинг қайд этишича, у ўз сиёсий курсига содиқ ҳолда мамлакат равнақи учун ишлашда давом этмоқчи, фақат ҳукуматда можароли ҳолатлардан халос бўлган ҳолда. 

У шунингдек, Австрия озодлик партияси билан республика коалицион ҳукуматининг иши тугатилишини маълум қилди. Унга кўра, Австрия озодлик партияси энди унинг ҳамкори бўла олмайди.

18 май куни Штрахе россиялик аёл билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб истеъфога чиқарилган эди. Кейинроқ у Россия эмас, Латвия фуқароси бўлган аёл билан учрашиб юрганини тушунтирган.

Штрахенинг қилмишлари ҳақида дастлаб «Зюддойче Цайтунг» газетаси хабар берган. Нашр ўзининг интернет сайтида сиёсатчи ва унинг ёрдамчиси Йоҳанн Гуденус Ибицада россиялик олигархнинг жияни билан учрашаётгани ҳақидаги видеони эълон қилган. ОАВ маълумотларига кўра, улар 2017 йилги сайловлардан бир неча ой аввал ҳамкорлик ҳақида келишиб олишган.

Тахмин қилинишича, аёл Штрахега сайловларда ғолиб чиқишда ёрдам бериши керак бўлган. Бунинг эвазига сиёсатчи унга қурилиш соҳасидаги давлат буюртмаларининг бир қисмини беришни ваъда қилган.

Мавзуга оид