Сўнгги бир ой давомида Андижон шаҳри «Тахтакўприк» маҳалласидаги мадраса биноси ҳақидаги хабарлар интернетда шов-шувларга сабаб бўлмоқда. 

Ижтимоий тармоқларда айланаётган хабарларда Дўстлик кўчасида жойлашган мадраса комплекси ётоқхонага айлантирилган бўлса-да, у ерда яшаётган кишиларга шароит йўқлиги, маҳалла аҳолиси мазкур бинони масжид қилиб қайтаришларини сўраётгани ҳақида айтилади. 

Куни кеча эса бино аукцион орқали савдога қўйилгани маълум бўлди.

Мана энди барчада, «Хўш, бино нега аукцион орқали сотиляпти?», деган савол пайдо бўлгани аниқ. 

Kun.uz узоқ йиллардан бери «қўлма-қўл» бўлиб келаётган бино билан боғлиқ можароли ҳолатларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Масала бўйича мутасадди ташкилотларга мурожаат қилингач, бинолар комплексидаги муаммоли ҳолат орқасидан «бир даста ҳужжатлар йиғиндиси» тўпланди. Мақолада тўпланган ҳужжатлар ҳақида батафсил тўхталмай, уларни қисқача мазмунда ҳавола қилиб ўтамиз.

Аслида масжид ёки мадраса учун ният қилиб қурилган бинони ўзлаштириш ёки сотувга қўйиш яхши оилада тарбия топган инсон учун жуда қийин масала.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шайх ҳазратлари шу муаммо борасида савол сўрашганда, масжид сотилмайди, аммо шариатдан бехабарлар сотиб олиб, вақф ерни ўзлаштириши олдини олиш учун ихлосли мусулмонлардан кимдир уни сотиб олсин ва масжид учун сақлаб турсин, вақти келиб, имкон бўлиши билан яна масжид тасарруфига беради, деган эдилар.

Мадрасанинг айни пайтдаги эгаси ким?

«Тахтакўприк» маҳалласидаги мазкур иншоот мадраса ёки масжид сифатида рўйхатдан ўтмагач, Андижон шаҳар ҳокимининг 2009 йил 10 апрель кунги 169-К-сонли қарорига асосан, «Муқаддас зиёрат сафари» МЧЖ тасарруфига ўтказиб берилган. Лекин, «Муқаддас зиёрат сафари» МЧЖ ўз фаолиятини тўхтатганидан кейин шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 сентябрь кунги 658-К-сонли қарорига биноан, мақсадли фойдаланилмаётган мазкур бино-иншоотлар маҳаллий кенгаш ихтиёрига қайтариб олинган. Шуни айтиш жоизки, бино-иншоотлар 3016,86 кв.м. ер майдонида жойлашган бўлиб, умумий қурилиш майдони 1931,86 кв.м.ни, умумий фойдаланиш майдони эса 1716,24 кв.м.ни ташкил этади.