Спорт | 13:21 / 20.05.2019
8120
2 дақиқада ўқилади

Евро-2020 чипталари нархи маълум бўлди

Фото: uefa.com

12 июндан Евро-2020 финал босқичи чипталари сотуви бошланади. Чипталар, ЖЧ-2018да бўлгани каби, ариза бериш ва аналогик қуръа ташлаш орқали сотилади.

Аризалар биринчи босқичда 12 июндан 12 июлига қадар қабул қилинади. Бу босқичда чипталарнинг катта қисми тарқатиб бўлинади. Уларнинг нисбатан камроқ қисми турнир бошланишига яқин қолганда сотувга чиқарилади.

УЕФА маълумотига кўра, жами 3 миллионта чипта чиқарилади ва шундан 2,5 миллионтаси мухлисларга сотилади. Таққослаш учун, Евро-2016да 1,8 млн дона чипта очиқ савдога чиқарилган эди.

Илк марта кўҳна қитъанинг 12та шаҳрида бўлиб ўтадиган чемпионат ўйинларининг энг арзон чиптаси – 30 евро, энг қиммати – 945 евро этиб белгиланган.

Чипталар уч хил нарх категорияси ва иккита кластерга бўлинган.

«А» тоифасига Амстердам, Бильбао, Глазго, Дублин, Копенгаген, Лондон, Мюнхен, Рим ва Санкт-Петербург шаҳарлари кирса, «B» тоифаси сифатида Боку, Будапешт ва Бухарест кўрсатилган.

«А» кластеридаги шаҳарларда ўтадиган ўйинлар учун чипталарнинг энг арзони 50, энг қиммат – 225 евро.

«B» кластерида эса 30 евродан 125 еврогача пул тўлаб, Евро-2020 ўйинига кириш мумкин.

Ярим финал ва финал ўйинлари (учала учрашув ҳам Лондонда ўтади) учун чипталар нархи 85 ва 95 евродан бошланади.

Чипталарни, юқорида таъкидланганидек, 12 июндан бошлаб бир ой мобайнида euro2020.com/tickets сайтида харид қилиш мумкин. Бу муддатда 1,5 миллионта чипта сотувга қўйилади.

Мавзуга оид