Владимир Зеленскийнинг Украина президенти сифатидаги илк нутқи 20 дақиқага яқин давом этди.

Собиқ комик актёр чиқишини 6 ёшли ўғлининг президентлик ҳақидаги гапларини эслаш билан бошлаб, якунда ўзининг президентлик муддатини украинлар ҳеч қачон йиғламаслиги учун бағишлашга ваъда берди.

«Би-би-си» Владимир Зеленскийнинг илк президентлик спичидаги асосий тезисларни йиғди.

Парламентни тарқатиб юбориш
Владимир Зеленскийнинг Украина парламенти келажагини кўра билиши унинг инаугурация нутқидаги энг кутилган қисм бўлди.

Олий раданинг ҳозирги таркиби 5 йил муқаддам, Порошенко ҳали сиёсат ҳақида ўйламаган вақтда сайланганди. Зеленский бу депутатлар билан ўзининг сайловолди кампанияси вақтидаги режаларини амалга ошириши қийин бўларди.

Бошқа томондан унинг «Халқ хизматида» партиясининг рейтинги кўтарилмоқда: сўровномалар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, агар шу ҳафта охирида навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказиладиган бўлса, бу партия 40 фоизга яқин овоз олади.

Президент инаугурацияси арафасида матбуотга парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги фармон лойиҳаси сиздирилди: унга кўра бу қадамга сўнгги уч йил давомида парламентда депутатлик фракциялари коалицияси мавжуд эмаслиги асос қилиб келтирилганди. Айрим депутатлар бундай асос билан парламентнинг тарқатиб юборилишини ноқонуний деб ҳисоблашган бўлишса-да, президентнинг нутқидан кейин Олий рададаги асосий ўйинчилар навбатдан ташқари сайловлар ўтказишга қарши эмаслиги кўриниб қолди.

Владимир Зеленскийга яқин манбаларнинг хабар беришича, парламентни тарқатиб юбориш ҳақидаги фармон 21 май куни эълон қилинади.

Бу ҳолатда мамлакатда 14 июль куни парламент учун навбатдан ташқари сайловлар ўтказилади (сайловлар ўз вақтига кўра кузда ўтказилиши керак эди, аммо Владимир Зеленский учун сайловлар имкон қадар тезроқ, партияси нуфузи пасайишни бошланмасдан олдин ўтказилгани манфаатлидир). Сайловлар одатий тартибга кўра ўтказилиши кутилмоқда: парламент аъзоларининг ярми округларда, ярми партия рўйхати бўйича сайланади.