Kun.uz таҳририятига Қашқадарё вилояти, Ғузор туманидаги «Чўмичли» маҳалласи аҳолиси бир неча муаммолар юзасидан мурожаат қилди.

«Маҳалламизда ечимини кутаётган кўплаб масалалар йиғилиб қолган. Фарзандларимиз таълим олаётган мактаб талабга жавоб бермайди. Кўчаларимиз абгор ҳолатда. Маҳалламизга суюлтирилган газ вақтида тарқатилмайди, ичимлик суви йўқ. Электр энергияси симёғочлари таъмирталаб. Маҳалла ҳудудида жойлашган «Шўртаннефтгаз» МЧЖнинг факеллари жойлашган. Улардан чиқаётган газ туфайли ҳаво ифлосланмоқда ва аҳоли нафас олишга қийналмоқда. Бунинг натижасида маҳаллада аҳоли ва уй ҳайвонлари орасида турли касалликлар кўпайган. Болалар носоғлом туғилмоқда», – дейилади мурожаатда.

Мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Ғузор туманида бўлдик. Маҳалла аҳолиси билан суҳбатлашдик, эътирозларини тингладик. Улар томонидан билдирилган эътирозларни навбати билан ўргандик.

Дастлаб, ушбу маҳалладаги икки қишлоқ ёшлари таълим олаётган 26-умумий ўрта таълим мактаби билан танишдик ва ҳақиқатан ҳам таълим масканида қатор муаммолар мавжудлигига гувоҳ бўлдик.

Жумладан, мактабда ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланишларига етарлича шароит йўқ. Шунингдек, тадбирлар ўтказиш учун фаоллар зали ҳам ҳам мавжуд эмас. Синфхоналарда озодалик етишмайди. Мактаб йўлакларида деворлар кўчиб тушган ва таъмирталаб аҳволда.

Мактаб буфетида ачинарли манзараларга гувоҳ бўлдик. Бу ерда канцелярия жиҳозлари ва ўқув қуроллари савдоси билан аралаш ҳолда турли егуликлар ҳам сотилар экан. Хароб аҳволдаги бу пастқам бино ичкариси антисанитар ҳолатда. Бу ерда мактаб ўқитувчилари учун буюртма асосида тушлик ҳам тайёрланар экан.

Маълумки, таълим масканларида ўқувчиларга сотилиши мумкин бўлмаган егуликлар рўйхатида ҳот-дог ҳам бор. Мактаб буфетида эса бу егулик ўқувчиларга очиқчасига сотилмоқда. Сотувчи ҳам, мактаб директори Ё.Эралиев ҳам тақиқланган егулик сотилаётгани ва бу ердаги антисанитар ҳолатга ҳеч қандай изоҳ беролмади.